ЮНЕСКО Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари”нинг минг йиллигини нишонлайди

Бухорода бўлиб ўтган Х Халқаро Ибн Сино ўқишлари анъанавий анжумани қатнашчиси, Турон Академияси академиги, тиббиёт фанлари номзоди Абдукарим Усмонхўжаев буюк бобокалонимиз ижодий мероси ҳақида тўхталар экан, эътиборга молик бир далилни алоҳида қайд этди.

— Абу Али ибн Сино 12 та фанни мукаммал билган, — дейди олим.- Бу фанларни у фалсафий мушоҳада даражасига кўтарган. Уларнинг мантиқан табиат қонунларига мослигини исботлаб берган. Яқинда ЮНЕСКО Ибн Сино қаламига мансуб “Тиб қонунлари” асарининг минг йиллигини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Унда қайд этилишича, “Тиб қонунлари”соғлом ва носоғлом тананинг ҳолатига дунёда биринчи бўлиб илмий ёндашилган китобдир.Бу асар минг йиллигининг нишонланиши илмий технология туғилишининг рамзи саналади. Зеро, улуғ аждодимизнинг мероси худди уммонга ўхшайди. Уни ўқиб – ўрганган сайин адоғига етиб бўлмайди.Буни бутун жаҳон эътироф этмоқда.

Бу гапларда заррача муболаға йўқ.Ғарбда Авиценна номи билан машҳур Ибн Сино қомусий билим соҳиби бўлиб, турли фанларга оид 450 дан зиёд асар ёзган.Уларнинг 160 таси бизгача етиб келган.Лекин шу асарларнинг ўзиёқ “Шайх ул раис” яъни “Донишмандлар сардори”, “Шараф ул мулк” яъни “Мамлакатнинг шарафи” дея эъзозланган мутафаккирнинг бениҳоя катта билим эгаси, қомусий олим эканлигидан далолат беради.Дунёнинг бир қатор шаҳарларида Ибн Синога ҳайкал қўйилгани, асарлари қайта – қайта нашр этилиши бежиз эмас.Машҳур швед ботаниги Карл Линней тропик дарахтни улуғ мутафаккир шарафига “Авиценна” деб номлаган. Эътиборлиси, бу дарахт ҳамиша ям – яшил туради.Буюк аждодимизнинг илмий мероси ҳам худди шу дарахтни эслатади. Ҳеч қачон завол кўрмайди.

Халқаро анжуман иштирокчиси бўлган ўнга яқин давлатнинг олим ва тадқиқотчилари ана шу бой мерос ва унинг ҳозирги замондаги аҳамияти хусусида қизиқарли маърузалар қилдилар, маҳорат сабоқлари ўтдилар. Хусусан, Халқаро Ибн Сино фонди раҳбари Михаэл Сач (Исроил), Ҳиндистондаги Ибн Сино академияси раиси, профессор Рахман Зиллур, германиялик АминаАтхер, бангладешлик Жаннат Оракатул, шунингдек, республикамиз турли олий ўқув юртларидан келган профессор – ўқитувчиларнинг чиқишлари аллома илмий меросининг ўрганилмаган қирраларини очиб бергани билан аҳамиятли бўлди.

Дўстларингизга улашинг: