Қайноналарга бир оғиз сўз

Азиз қайноналар! Хонадонингизда қувончли онлар бошланди. Ёш келинингизга маслаҳат ва меҳрибонлигингиз керак. Ушбу мақола келинингизга зарур маълумот етказиш учун ёзилган, лекин сиз ҳам буни ўқиб чиқсангиз келинингизга янада яхшироқ йўл-йўриқлар беришингизга ишончимиз комилдир.

Келинингизнинг ухлаб қолишлари, баъзан инжиқлиги аччиқлантирмасин. Ҳомиладорликда унинг бутун танасида ўзгариш рўй беради. У атайлаб ўзини кўрсатаяпти деб эмас, бўлажак неварангиз инжиқлиги деб қабул қилсангиз, иш осонроқ кўчади. Келинингиз юриш-туришда, уй ишларини бажаришда қийналишини, ўзини ёмон ҳис қилаётганини кўриб, унга иложи борича тўғри маслаҳатлар беришингизни тавсия қиламиз.

Баъзан овқатнинг ҳиди ҳам келинингиз кўнглини айнатиши мумкин, шунинг учун унга ошхона юмушларини бажаришга ёрдам берганингиз маъқул. Қанча меҳрибон бўлсангиз, шунча кўп ҳурматга сазовор бўласиз. Ҳомиладор аёл аввалгига нисбатан кўпроқ ов¬қатланиши мумкин. Бу оддий ҳол эканини тўғри қабул қилиш лозим, чунки келинингиз бир ўзи учун эмас, балки бўлажак неварангиз учун керакли витаминларни етказиб бериши керак. Унинг витамин ва оқсилларга бой овқат ейишига эътибор бериб туринг.

Ўғлингиз ва келинингиз орасидаги яхши муносабат ютуғингиз. Ҳомиладорликнинг охирги ойларида турли уй юмушлари, оғир юк кўтариш мақсадга мувофиқ эмас. Бу даврда келинингизнинг кўтаринки кайфиятда бўлишига эътибор беринг.

ТУҒРУҚДАН КЕЙИНГИ КОНТРАЦЕПЦИЯ УСУЛЛАРИ

Фарзандининг етук инсон бўлиб етишиши – ҳар бир ота-она ва умуман бутун оила учун катта жавобгарлик ва масъулиятдир. Бунда етакчи ўринлардан бирини кўкрак билан эмизиш эгаллайди. Қиз болани 24 ой, ўғил болани эса 30 ой давомида кўкрак сути билан эмизиш мақсадга мувофиқ. Бу боланинг тўлақонли соғлом ўсиши ва ривожланишини таъминлайди. Шунинг билан биргаликда мунтазам равишда эмизишнинг яна бир афзаллиги – у туғруқлар орасидаги уч йиллик оралиқни таъминлайди.

Лактация – бу физиологик жараён бўлиб, тухумдонларда тухум ҳужайралар ривожланишига йўл қўймайди ва бу билан исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олади. Исталмаган ҳомиладорлик бошланиши билан сут сифати бузилиб, аста-секин умуман сут келиши тўхтаб қолади. Бунинг натижасида чақалоқ тўлақонли озуқа ололмай азият чекади. Туғруқлар орасида 3 йиллик оралиқнинг сақланиши яна шуниси билан ҳам маъқулки, бунда бўлғуси фарзанд она вужудида янада қулайроқ шароитда ривожланади ва туғилгандан кейин унинг организми турли хил касалликлар билан курашишга тайёр бўлади.

Агар аёл ҳар йили туғадиган бўлса, унинг организми тўла тикланишга улгура олмайди, натижада туғилган фарзанд кўп касалликларга мойил, ақлан ва жисмонан заиф бўлиб туғилиш хавфи мавжуд. Шу аснода ҳомиладор бўлиш аёлдаги экстрагенитал касалликлар зўрайишига, ҳомила тушиши ёки кам вазнли бола туғилиши, туғруқнинг ҳар хил асоратларга олиб келиши ва оқибатда соғлиғига катта путур етишига олиб келади.

Юқорида айтилганларни ва аёл организми туғруқдан кейин тўла тикланиши, келажакда соғлом фарзанд кўриши учун кейинги ҳомиладорликка фақат 3 йилдан кейингина тайёр бўлишини ҳисобга олган ҳолда контрацепция усулларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Контрацепция воситалари – бу исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олишга мўлжалланган воситалар мажмуи бўлиб, улар механик, кимёвий, гормонал, биологик ва физиологик, шунингдек, фақат эркаклар ёки аёллар ишлатадиган воситаларга бўлинади.

ЛАКТАЦИОН АМЕНОРЕЯ УСУЛИ – ЛАУ

ЛАУ – бу ҳомиладорликнинг олдини олишнинг табиий усули бўлиб, аёллар уни туғруқдан сўнг дастлабки 6 ой ичида фақат кўкрак сути билан эмизиш даврида қўллашлари мумкин.

ЛАУ фақатгина аёл доимий ва тез-тез кўкрак сути билан эмизган ҳолдагина самаралидир. Аёл ҳеч бўлмаганида кундуз куни ҳар 4 соатда ва кечаси 6 соат ичида эмизиши шарт. Аёллар кўкрак сути билан эмизиш вақтида ушбу ҳомиладорликдан сақлаш услуби ҳали ҳам самарадорли эканлигини билдирган баъзи белгилар борлигини кузатишлари керак. Усул самарадорлиги 98 фоизни ташкил қилади. ЛАУ таъсирининг тўхташи – ҳайз кўришнинг тикланиши – ҳомиладорликнинг олдини олиш учун бошқа услубдан фойдаланишни тақозо қилади. ЛАУ моддий маблағлар сарф қилишни талаб қилмайди.

БАЧАДОН ИЧИГА КИРИТИЛАДИГАН ВОСИТАЛАР

Бачадон ичига киритиладиган механик воситалар (БИВ)-спирал, пружина ва бошқа биологик фаол бўлмаган, организм учун безарар материаллардан тайёрланади, улардан тўрт йил ва ундан кўпроқ фойдаланиш мумкин. Ҳозирги вақтда бу воситалар самарадорлигини ошириш мақсадида улар таркибига кумуш, мис ёки гормонлар қўшиб чиқарилмоқда. Бундай спираллар ҳомиладорликнинг олдини олишнинг энг самарали воситалари эканлигини таъкидлаб ўтиш зарур. Спирал энг оддий ва энг тежамли усул ҳисобланади. Спиралларни ишлатиш хусусида шифокор билан маслаҳатлашинг.

ИХТИЁРИЙ ХИРУРГИК КОНТРАЦЕПЦИЯСИ

Ихтиёрий хирургик стерилизацияси (ИЖК) – бачадон найчаларида тухум ҳужайралар уруғланишининг олдини олиш мақсадида бажарилади. Бу сперматозоидларнинг ўтишга сунъий равишда тўсқинлик қилишдир. Бу усул мураккаб бўлмаса-да, хирургик аралашув билан амалга оширилади. ИЖКдан кесаркесиш вақтида, туғруқдан кейин 5-6 кун ёки 6 ҳафта ўтгач фойдаланиш мумкин. ИЖК қўлланилишининг асосий шартларидан бири – эр-хотин ўз хоҳишлари билан бунга рози бўлишлари керак. Чунки контрацепциянинг бу усули доимий ҳисобланади. Ушбу амалиёт биринчи галда бошқа фарзанд кўриш истаги бўлмаган аёлларга тавсия этилади. Бундан ташқари, оғир экстрагенитал хасталикларни бошдан кечирган, ҳомиладорлик ва туғиш аёл ҳаётига хавф солган ҳолларда қўлланилиши лозим. ИЖК ривожланган мамлакатларда кенг қўлланилади. Хирургик операция вақтида ва ундан кейин ҳеч қандай асоратлар кузатилмаган.

Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, ҳомиладорликнинг олдини олишдаги хавфсиз ва самарали усулни фақат мутахассис шифокор – акушер-гинеколог танлаб беради. Буни ҳар бир эр-хотин эсдан чиқармаслиги лозим. Бу масалани ҳал қилишда замонавий тиббиёт фани ва амалиёти эришган барча ютуқлардан фойдаланилган ҳолда аёллар маслаҳатхоналари ва контрацепция хоналари бепул ёрдам берадилар. 

Ишончимиз комилки, ушбу қўлланма оилангизда тинч-тотув ва бахтли ҳаёт кечиришингизда албатта ёрдам беради.

Манба: minzdrav.uz

Дўстларингизга улашинг: