Мутахассислар: Дунё вирусли гепатитнинг В ва С тури билан касалланмоқда

Юқумли касалликлар ҳаётимиз давомида соғлиғимизга ҳамиша хавф солиб туради. Айниқса куз, қиш, баҳор фаслида саломатлигимиз билан боғлиқ муаммоларга кўп дуч келамиз. Хўш, ўзи юқумли касаллик нима, унинг турлари қайсилар, қандай қилиб ундан ҳимояланиш мумкин?

Фото: ГТРК «Южный Урал»

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида юқумли касалликлар муаммолари бўйича ўтказилган илмий-амалий анжуманда ана шу саволларга атрофлича жавоб берилди. Хорижлик ҳамда маҳаллий мутахассислар томонидан соҳадаги муаммолар, эришилаётган ютуқлар муҳокама қилинди.

Вирусология илмий-тадқиқот институти директори, профессор Эркин Мусабоев мамлакатимизда юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бугунги кунда дунё миқёсида юқумли касалликлар, жумладан, вирусли гепатитнинг В ва С тури билан касалланиш кўпаймоқда. Маълумки, гепатит В ўз вақтида аниқланиб, даволанмаса, жигар циррози ва гепатоцеллюляр карцинома, яъни жигар саратони келиб чиқишига сабаб бўлади. Вирусли гепатитнинг С тури билан касалланган беморларни даволаш бўйича самарали дори воситалари амалиётга кириб келган бўлсада, бу усулда даволаниш харажатлари юқорилиги сабабли дунёдаги барча мамлакатлар аҳолиси ҳам бу имкониятдан фойдалана олиши амримаҳол. Қолаверса, дунёнинг барча ҳудудида ноёб ва замонавий тиббий амалиётлардан бири – жигар трнасплантацияси ўтказилиши имконияти ҳам чекланган. Шундай шароитда энг самарали ва мақбул йўл гепатитларнинг олдини олиш, бу йўналишда тиббий профилактика ишларини ривожлантириш, аҳолининг барча қатламини тизимли тиббий санитария ёрдами билан қамраб олишдир.

Юқумли касалликлар муаммолари, хусусан В, С ва Д гепатитлар, грипп, ОИВ инфекцияларини миллий даражада назорат қилиш стратегиясига бағишланган мазкур анжуманда юқумли касалликларнинг эпидемиологияси, диагностикаси ва даволанишига алоҳида эътибор қаратилди. АҚШ, Япония, Россия, Беларусь каби хорижий давлатлар етакчи экспертларининг тақдимотлари ўтказилди.

Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА

Дўстларингизга улашинг: