Нега бола бармоғини сўради?

Ўзи қачондан бошлади бу “қилиғини”? 1 ойликданми, 3 ойликданми ёки 1 ёшга етганидами?…

Фото: imom.me

Аслида бола ҳали она қорнида эканлигидаёқ бармоқларини сўра бошлайди. Бунга нима сабаб? Албатта бола туғилгач ҳам бунга жавоб бера олмайди. Олимлар ҳам…

Олимлар бу ҳолатни асосан иккита нарса билан боғлайди: биринчи фикрга кўра сўриш рефлексини ривожлантириш учун, иккинчи фикрга кўра эса онада қандайдик зўриқиш бўлганида ўзини тинчлантириш учун.

3 ойлик бола учун эса бармоғини сўриш муваффақият саналади. Ҳали ҳомила эканлигида бир қанча марта “машғулот қилганлигига” қарамасдан, 3 ойликка қадар ҳаракатлар координациясини бошқара олмайди. Шу сабабли ўз ҳоҳишига кўра бармоқни сўришини бемалол муваффақият деса бўлади. Бу ҳаракатни бола бир неча ҳафта давомида такомиллаштириб боради.

1 ёшга етгач ҳам бола бармоғини сўриши мумкин. Энди бош бармоғини. Ота-оналар бу ҳолатда гижжалар хавфи, тишларнинг нотўғри жойлашиб қолиши, умуман олганда чиройли кўринмаганлиги учун бола бармоғини сўришини истамайди. Сўнг “бармоқ сўриш”га қарши кураш бошланади. Бу албатта самарасиз. Чунки биринчи навбатда буни сабабини аниқлаш керак.

Бармоқ сўриш болага ҳалал берадими?

Йўқ албатта. 5-6 ёшгача бўлган болалар бунга эътибор ҳам қилишмайди. Бола мактабга чиққачгина тенгдошлари орасида кулгуга сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли бу ҳолат боладан кўра катталарни кўпроқ безовта қилади. Аслида бармоқларни сўриш боланинг руҳий тинч эмаслигини билдиради. Бу ҳолда болани уриши эмас, муаммосини аниқлаб, ёрдам бериш яхшироқ самара беради.

1 ёшгача бўлган болалар одамда сўриш рефлекси қониқмаганлиги учунгина бармоқларини сўришади. Баъзи болаларда бу рефлекс шу қадар кучли бўладики, кўкрак билан эмизишдан ташқари вақтларда қўлига нима тушса, қўлида ҳеч нарса бўлмаса бармоқларини оғзига солиб, тишлаб, сўриб ётади.

Етарли бўлмаган сўриш рефлекси ҳақида қайси ҳолларда ўйлаш мумкин?

—  болангиз 1.5 ёшдан катта. Сўриш рефлекси 6 ойликдан бошлаб пасайиб, бола 1.5 ёшга етгач йўқолади.

—  бола жуда тез овқатланса. Бола кўкракдан ёки идишдан 5-10 дақиқа давомидагина овқатланса. Бунга қаттиқ кўкрак ёки боланинг оғиз бўшлиғи мушаклари етарли ривожланмаганлиги сабаб бўлади. Ёки онада сут кўп бўлиб, бола эмиш вақтида етарли “меҳнат қилмаса”. Сунъий овқатлантишда идишдаги тешикчанинг катталиги ҳам сўриш рефлексини пасайтиради.

—  кўкрак билан эмиздирилмасдан, қошиқда овқатлантирилган бола бутилкадан ҳам овқатлана олмайди. Бундай болалар одатда эмишга ҳам қийналишади (бирор сабаб билан вақтинча эмиздирилмаса).

Агар болага сўриш рефлекси етарли эмас деб ҳисобласангиз қуйидагиларга амал қилинг:

—  кўкракни эмиш вақтин узайтиринг. Болани кўкрак билан эмизиш вақтини 30-40 дақиқага чўзинг. Ҳатто бола оз-оздан эмиб, ухлаб қолса ҳам. Айниқса биринчи ойликларда.

—  агар болангиз сунъий овқатланса, бутилкадан эмиш вақтига эътибор қилинг. Бутилка сўрғичига бола 15-20 дақиқа давомида сўрса тўядиган даражада тешикча қилинг. Сўрғични болани ёшига қараб танланг.

—  Сўрғич олинг. Албатта сўрғичлар тавсия қилинмайди. Лекин болангизда сўриш рефлекси жуда ривожланган бўлса бармоқларни сўришдан кўра яхши. Бунинг устига бола бироз катта бўлгач сўрғичдан ажратиш мумкин. Бармоқдан эса қийинроқ…

—  1 ёшгача бўлган боланинг бармоқ сўришига оч қолиши ҳам сабаб бўлади. Шунинг учун болани оч қолдирманг.

—  зерикиш ҳам бунга сабаб бўлади. Болангиз билан кўпроқ ўйнанг, бирга вақт ўтказинг. Шунда қўлларини сўришга вақт ҳам, имкон ҳам топа олмайди.

Демак, 1 ёшгача бўлган болаларда бармоқларни сўриш сўриш рефлексини босиш бўлса, 1-3 ёшли болаларда бу ҳолатга зерикиш, чарчоқ, зўриқиш олиб келади. Бола 3 ёшдан кейин ҳам бармоқларини сўришни давом эттирса бирор руҳий муаммоси борлиги тўғрисида ўйлаш керак.

Хуршидбек Якубжонов,

шифокор

Дўстларингизга улашинг: