Бачадон миомаси: касалликнинг сабаби бугунгача нега тўлиқ ўрганилмаган?

Бачадон миомаси – бачадон мушак ва бириктирувчи тўқимасидан ўсадиган яхши сифатли ҳосиладир. Касаллик нисбатан кўп учрайди. 30 ёшга етган аёлларнинг тахминан 20% қисмида аниқланади.

Фото: WomenFirst

Касалликнинг сабаби бугунги кунга қадар тўлиқ ўрганилмаган. Бунга гормонлар сабаб бўлади, деган фаразлар бор. Лекин гормонларнинг миқдори мейёрида, ўзаро баланси сақланган ҳолда ҳам миома учраши мумкин. Миомани ҳайз бузилишлари, бепуштлик ва ўрганиб қолган ҳомилани кўтара олмаслик, кичик тос аъзолари яллиғланиш касалликлари, моддалар алмашинуви бузилишлари (семизлик, қандли диабет), абортлар, стресс қўзғаши мумкин.

Жойлашишига кўра бир неча турларга бўлинади. Бачадон шиллиқ қавати остида (бачадон бўшлиғидаги қавати) ривожланса – субмукоз, мушак қаватлари орасида жойлашса – интрамурал, бачадон ташқарисида жойлашса – субсероз миома деб юритилади. Шунингдек бачадон бўйнида ҳам жойлашиши мумкин.

Касаллик консерватив ва операция йўли билан даволанади. Консерватив йўл билан даволанганида касаллик белгилари камаяди(қон кетишини, оғриқларни) ва миома ўлчамини кичиклашади. Одатда тўлиқ йўқ бўлиб кетмайди. Кўплаб миома тугунлари, 12 ҳафта ҳомиладорликка тенг ўлчамдан катта тугунлар, кўп қон кетиш, йилига 4 ҳафтадан катта ўсиши, миома тугуни некрози, миома билан бачадон танаси эндометриози, субмукоз тугун, оёқчадаги субсероз тугуннинг буралиши каби асоратларда касаллик операция йўли билан даволанади.

Операция касаллик кечуви ва турига, келгусидаги мақсадга (ҳомиладор бўлиши зарурлиги) қараб турлича бўлади. Булар қаторига лапаротомик (қорин олд девориши кесиб) кесим билан бачадонни олиб ташлаш, ёки миома тугунини ўзини олиб ташлаш, лапароскоп билан миомани олиб ташлаш, қин орқали бачадон билан миомани олиб ташлаш, гистероскоп (бачадон бўшлиғини кўриш учун қўлланиладиган видеотизимли ускуна) ёрдамида бачадон бўшлиғидаги тугунларни олиб ташлаш, бачадон артериялари эмболизацияси (миомага қон борадиган томирни тўсиб қўйиш) кабилар киради.

Хуршидбек Якубжонов,

шифокор

Дўстларингизга улашинг: