“Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида оммавий тадбирлар ўтказилди

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи тарғиботига алоҳида эътибор қаратилаётир. Президентимизнинг ўтган йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда. 

Фото: uza.uz

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз бўйлаб жорий йил март ойидан бошлаб, ҳар ҳафтанинг шанба куни оммавий саломатлик тадбирлари мунтазам равишда уюштириб келинмоқда. Бу эса фуқароларнинг жисмоний фаоллиги даражасини қўллаб-қувватлаш ва соғлом турмуш тарзи оммавийлигини оширишда яхши самара бераётир. Натижада, касалликлар билан курашишга эмас, аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасини ошириш ҳамда тизимли профилактикага асосий эътибор қаратилмоқда.

Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан вилоятимизнинг шаҳар ва туман  ҳокимликлари ҳамкорлигида Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида оммавий юриш ҳамда “Саломатлик стартлари” тадбирлари юқори савияда ташкил этилди. Бу хақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Тараққиёт туфайли инсоният ҳаёт тарзида камҳаракатлиликка одатланаётгани кўплаб тиббий-ижтимоий муаммоларга, Дунё миқёсида қайд этилаётган ўлим ҳолатининг ҳар тўртдан бирига айнан шу муаммо сабаб бўлмоқда. Масалан, сут бези ва йўғон ичак саратони, қандли диабет, юрак ишемик касалликлари юзага келишининг 25-30 фоизига ана шу омил жиддий туртки бўлади.

Бундай муаммонинг олдини олиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида. Тўғри, бугунги тиғиз иш куни соатлаб спорт машғулотлари бажаришга имкон бермаслиги мумкин. Бироқ, ҳеч бўлмаганда кунда-кунора 20-30 дақиқалик жисмоний машқлар бажариш, кунига 1-2 километр пиёда юриш учун ҳаммада имкон топилади. Шифокорларнинг айтишича, ана шу озгина ҳаракат ҳам организмни кислородга тўйинтириш, модда алмашинувини яхшилашда ижобий натижа беради. Бундай кун тартибига одатланган инсон хафақон, инфаркт, инсульт, саратон каби оғир касалликлардан ўзини ҳимоялайди. Шундай экан ҳар қандай ҳолатда жисмоний фаолликка вақт ажратиб туришни унутмайлик.

Дўстларингизга улашинг: