Бағдод тумани ҳокими беморлар ҳолидан хабар олди

Қурбон ҳайити маънавий-руҳий ҳаётимизда, жамиятимиздаги ўзаро аҳиллик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Халқимиз азал-азалдан ушбу муборак кунларда ўзгаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатган, беморлар ҳолидан хабар олган, кўмакка муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Бу анъана мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатига ҳам уйғундир.

Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов бугун, 11 июль куни туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги муассасаларда бўлиб, уларда даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олди. Бу ҳақда Бағдод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бағдод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Ҳоким шифокорлар ва беморларнинг яқинлари билан дилдан суҳбатлашиб, яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.

— Беморларга муносиб шароитлар яратиб беришимиз керак, — деди А. Турсунов. – Тиббий муассасаларнинг ташқи ва ички кўринишини янада тартибга келтириш, тиббий асбоб-анжомлар ва жиҳозлар билан бекаму-кўст таъминланишига эришиш ҳамда бу ерда ишлаётган тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарур. Бу йўналишдаги ҳар қандай ташаббус туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланади.
Туман ҳокими бугунгидек саодатли кунларда ҳам ўз касбига садоқатли бўлиб, юксак масъулият билан меҳнат қилаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимларига вилоят ҳокими номидан ҳайитлик совғаларини улашди.

Фото: Бағдод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

— Қарийб ўттиз йилдан буён ҳамшира сифатида ишлайман, — дейди Шаҳнозахон Шокирова. – Лекин шахсан туман ҳокими келиб, беморлардан, тиббий ходимлардан хабар олиб, бунақанги совға-саломлар улашишига биринчи марта гувоҳ бўлиб турибман. Тўғри, касб байрамларида ҳар биримизга алоҳида эътибор кўрсатилади. Аммо бугунги ташриф ва ҳайитлик биз учун кутилмаган бўлди. Жудаям хурсанд бўлиб кетдик.
69 ёшли Абобакр ота Мамазияев юқори қон босимидан азият чекади. Отахон шу ҳақда туман ҳокими билан суҳбатлашар экан, ҳозирда дардига даво, кўнглига малҳам бўлаётган шифокорларга алоҳида миннатдорлик билдирди.

Фото: Бағдод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Туманнинг “Самандарак” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, афғон уруши қатнашчиси Жумақўзи Ожиев бўйин умуртқаларининг синиши ташҳиси билан бир неча кундан буён жонлантириш бўлимида даволанмоқда. Беморнинг ягона фарзанди – Гулбадан халоватини йўқотган. Унинг айтишича, дадасини даволатиш учун моддий ёрдам сўраб, кеча туман ҳокимининг қабулида бўлган.

— Ҳоким бува дардимга шерик бўлди, — дейди Гулбадан Ожиева. – Қийналаётганимни, руҳий изтиробларимни юракдан ўтказиб, 300 минг сўм пул берди: дорихонадан қарздор бўлиб қолгандим, ўшани тўладим. Мана, бугун эса, ҳайитлик сифатида яна 1 миллион сўмга яқин пул берди. Кўзларимга ёш келди, тўғриси… Дадамдан бошқа ҳеч бир яқиним йўқ… Бизга кўрсатилган мурувватдан кейин англадимки, саховатпеша инсонлар кўп экан. Минг раҳмат уларга…

Фото: Бағдод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Айни кунларда таъмирлаш ишлари давом этаётган туғруқ комплексини кўздан кечирган туман ҳокими хоналардаги мебель жиҳозларини мутлақо янгидан ўрнатиш кераклигини таъкидлаб, бу эзгу ишни шахсан ўз зиммасига олди. Шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиали учун лифть ўрнатиш ҳамда кир ювиш хонасидаги махсус воситаларни замонавийлаштириш лозимлигини ҳисобга олиб, масъуллардан бу бўйича туман ҳокимлигига тегишли таклифлар киритишни сўради.

Дўстларингизга улашинг: