Фарғонада Корея тиббий шифохонаси очилади ҳамда тиббиёт жиҳозлари ва дори-дармон ишлаб чиқарилади

Куни кеча Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган 30 мамлакатдан 195 нафар инвесторлар иштирок этган Халқаро инвестиция Форумида Фарғона вилояти учун аҳамиятли янги ҳамкорлик алоқалари пайдо бўлди. Форумдан сўнг вилоят ҳокими, Олий Мажлис сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев кўплаб хориж инвесторларини қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ахборот хизмати

Бугун 10 август куни вилоят ҳокими Фарғона вилоятининг фахрий фуқароси Ким Чанг Кён бошчилигидаги Жанубий Корея делегациясини қабул қилди. Ким жаноблари июнь ойида Инчхон шаҳрида бўлиб ўтган дўстлик учрашувида Фарғона-Инчхон дўстлик жамияти раиси этиб сайланган ҳам эди. Жанубий Корея делегацияси таркибида инновацион технологияларни ривожлантириш истиқболи компанияси директори, NAUN Халқаро шифохонаси раҳбари Han Young Jin ҳамда шифохона бошқарувчи директори Han Young Ui ва бошқалар ташриф буюрдилар.

Вилоят ҳокими мулоқот чоғида икки мамлакат ҳамкорлиги бугун дунёда энг юқори даражани ташкил этаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, Фарғона вилоятига киртиладиган инвестиция маблағларининг кафолатланганлигига урғу берди. Бунга Форум иштирокчилари ҳам ишонч билдирган эдилар.
Музокарада сўз олган Ким Фарғона-Инчхон самолёт рейсини йўлга қўйиш масаласини кўтарди. Асосий масала эса бугун Фарғонада тиббий клиника очиш мақсадида делегация билан ташриф буюрганлигини билдирди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик натижалари юзага чиқиб Фарғона вилояти ғалаба қозонганлигини кўришни истайман деБ айтди. Ким ўз сўзида делегациянинг мақсади тиббиёт соҳасида ҳамкорлик қилиш бўлиб, Фарғона вилоятида тиббиёт ўқув юрти очиш эҳтимолининг катталигини ҳам таъкидлаб ўтди. Кореялик ҳамкорларимиз 4 йўналиш бўйича лойиҳа таклиф этдилар, ушбу лойиҳалар Фарғона шаҳрида ҳамда Қўқон эркин иқтисодий зонасида амалга оширилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа билан танишиб чиққан вилоят ҳокими ушбу инвесторлар учун барча шароитни яратиб беришга ваъда берди.

Музокарада сўз олган NAUN Халқаро шифохонаси раҳбари Han Young Jin, энг аввало, Фарғонанинг озодалиги, гўзаллигига мафтун эканлигини айтди. Шу билан бирга ривожланиш босқичидаги ҳаракатлар Жанубий Кореядагидан ҳам кучли эканини, Фарғона вилоятининг тезкор даражада ривожланиб келаётганини таъкидлади:

— Жанубий Корея медицина тараққиёти бўйича жаҳонда энг олдинги ўринларда туради. Мақсадимиз Фарғона вилояти аҳолисига олий даражадаги медицина хизмати кўрсатиш ва бу орқали вилоят иқтисодиётига ҳам ёрдам беришдир. Ривожланиш кучайиб, пул кўпайгандан кейин одамлар ўз соғлигига эътибор қарата бошлайди, шунинг учун биз бу ерда олий даражадаги тиббиёт муассасасини қуриш, шу билан биргаликда, медицина жиҳозларини вилоятингизда ишлаб чиқариш, фармацевтикани йўлга қўйиш, бу маҳсулотларни чет элга экспорт қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Хорижлик ҳамкорларимиз лойиҳасида 4 йўналиш, яъни:

1.Фарғона шаҳрида кўптармоқли шифохона қуриш;

2.”Қўқон” ЭИЗда тиббиёт жиҳозлари ишлаб чиқарувчи корхона қуриш;

3.”Қўқон” ЭИЗда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона қуриш;

4.Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Ўзбекистон ичида ва ташқи бозорга экспорт қилиш кўзда тутилган.
Медицина жиҳозлари ичида компьютер томографи ҳам ишлаб чиқарилади. Шунингдек, лойиҳада малакали мутахассислар тайёрлаш ҳам кўзда тутилган.

Ҳамкорларимиз уч йўналиш бўйича дастлаб 8,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишга тайёр эканликларини билдирдилар. Кейинги босқичларда ушбу миқдор ошиши мумкин.

Фарғона вилоятининг геополитик жиҳатдан Ўзбекистонда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлар экан, Ш.Ғаниев маҳсулотларни экспорт қилишни вилоят ҳокимлиги ўз зиммасига олишини билдирди.

Музокара сўнгида томонлар эсдалик совғаларини топширдилар.

Дўстларингизга улашинг: