Келажакда қандли диабетга чалинганлар 550 миллион нафардан ошиши мумкин

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳозирги кунда дунёда 400 миллион нафардан зиёд қандли диабет хасталигига чалинган бемор бор. Таҳлилларга кўра, ушбу кўрсаткич 2030 йилга бориб 550 миллиондан ошиши мумкин. Ўзбекистонда ушбу касаллик билан 220 минг нафар киши рўйхатга олинган. Рақамлардан кўриниб турибдики, эндокринология соҳасини ривжлантириш дунё миқёсида долзарб аҳамият касб этади.

Фото: ru.dreamstime.com

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, вазирлик томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган “Ўзбекистон Республикасида эндокринология ҳолати” мавзусида матбуот анжуманида қайд этилди.

Унда таъкидланганидек, соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва эндокрин касалликларни олдини олиш, эрта ташхислаш ва даволаш мақсадида Миллий дастур, чора-тадбирлар комплекси, “Йўл харитаси” билан биргаликда Миллий дастурнинг 2019 – 2023 йилларга мўлжалланган асосий масалалари ҳам белгилаб олинган.

Эътиборли жиҳати, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 25 октябрдаги тегишли буйруғига асосан, пилот вилоятларда 45 ёшдан ошган ахоли орасида қандли диабет скрининги ўтказилмоқда. Бундан ташқари, қандли диабетнинг сурункали асоратларини камайтириш, уларни юзага келишини кечиктиришга ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга йўналтирилган онлайн регистр ишлаб чиқилмоқда.

Эндокрин касалликларни эрта ташхислаш ва даволаш мониторингини ўтказиш учун барча вилоят эндокринологик диспансерларини ўз вақтида, узлуксиз равишда зарур реактивлар, хусусан, гликирланган гемоглобин ва қалқонсимон без гормонлари реактивлари билан таъминлаш йўлга қўйилди. Ҳар бир вилоят эндокрин диспансерида ўз-ўзини назорат қилиш мактабларида эндокрин касалликлари бор беморлар ва уларнинг оила аъзолари профессионал инструктор томонидан ўқитилмоқда.

Дўстларингизга улашинг: