Парҳез — «очлик эълон қилиш» эмас

Кундалик турмушда «озимоқчиман, парҳез қиляпман, умуман нон емаяпман, фақат мева ва салат еяпман» каби жумлаларни тез-тез эшитиб турамиз. Диета (парҳез) деганда кўпчилик инсонларни фикрига «фақат кам калорияли қайнатма, дамлама овқат ичиш ёки кам овқатланиш (озиш мақсадида)» деган тушунча келади. Аслидачи, парҳез нима? Диета грекча «diatia» сўзидан олинган бўлиб, «ҳаёт тарзи» деган маънони билдиради. Инсоннинг соғлом, узоқ ҳаёт кечириши учун тўғри ташкил этилган кун тартиби ва айниқса овқатланиш тартиби маълум аҳамиятга эга.

Фото: Tv.ua

Парҳезни белгилашда озуқа миқдори ва таркиби, унга кулинар ишлов бериш усуллари, организмнинг индивидуал хусусиятлари, минтақа, иқлим, фасллар, мавжуд хасталиклар, касбий омиллар каби кўрсаткичларни инобатга олиш зарур. Тиббиётда кенг қўлланиладиган 0 дан 15 гача булган парҳез столлари бирмунча умумийлаштирилган, оптималлаштирилган. Ушбу парҳез столини айрим жихатлари миллатимизнинг баъзи ўзига хосликларига мос тушмаслиги ҳам мумкин. Масалан бизни таомномамиз шарқий Осиё ёки Европа давлатлариникидан тубдан фарқ қилади. Бутун умр давомида бутунлай бошқа-бошқа меню бўйича овқатланиб келган икки хил шахс бир хил назология бўйича хасталанганда айнан бир хил парҳез столига амал килиши бироз мантиқсизлик бўлади. Тиббиётни отаси бўлган бобоколонимиз Абу Али ибн Сино қўлланмаларида инсон организми бир неча хил мижоз турларига ажратилган ва инсон ҳаёт тарзи, овқатланиш хусусиятларини шунга кўра белгилаш тавсия этилган.

Афсуски, замонавий тиббиётда умуман мижоз деган атамани ўзи йўқ. Шунинг учун беморга парҳезни тавсия қилаётганда Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» да келтирилган маълумотларни, беморнинг фикр ва ёндашувлари бўлса, уни ҳам инобатга олиш фойдадан холи бўлмайди. Зеро бундан уч минг йиллар аввал Суқротнинг: «ақлли, зийрак инсон ўзига нима фойда ёки зарарли эканлигини табибдан кўра яхшироқ билади» деган фикрида улкан маъно бор.

Мақола аввалида келтирилганидек, озиш мақсадида мутахассис билан маслаҳатлашмай, ўзича оч юриш ёки ўта кам калорияли, сифатсиз овқатланишга ўтиб олиш организмда бошқа хасталикларни келтириб чиқаради(камқонлик, асабийлик, юрак ва жигарда дистрофик ўзгаришлар, холецистит, гастрит, яра касаллиги, қабзият, колит ва ҳакозо). Зеро озишнинг энг маъқул усули — сифатли, етарли миқдорда озиқланган ҳолда, юқори жисмоний фаолликка эришишдир. Доимий жисмоний фаол инсон организмда ошиқча энергиянинг ёғ тўқима сифатида йиғилишининг олдини олган бўлади.

Абдусамат Пирматов,

вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори

Дўстларингизга улашинг: