Франциялик кардиожарроҳ юрак нуқсони билан дунёга келган болажонга мураккаб операциялар бажарди

Тўрт ёшли Абдураҳим яқинда болалар боғчасига қатнай бошлади. Бола юрак нуқсони билан дунёга келган. Мураккаб ташҳис боланинг ривожланишига таъсир этиб, уч ёшгача у гапиролмас ва юролмас эди, онаси уни доимо кўтариб юришга мажбур эди. Боланинг соғайиши учун операция жуда зарур эди.

Фото: “Sen Yolg’iz Emassan” Фонди

Абдураҳимнинг оиласи «Sen Yolg’iz Emassan» Фондига мурожаат қилди. Фонднинг кўмаги билан Франциянинг етакчи кардиожаррохи Оливье Барон томонидан болажонга икки маротаба мураккаб операциялар бажарилди. Ушбу операциялардан бири Франциянинг Нант шаҳридаги болалар клиникасида амалга оширилди.

Операциядан сўнг Фондимиз Абдураҳимни имконияти чекланган болаларга диагностика ва реабилитация бўйича ёрдам кўрсатадиган Болалар ижтимоий мослашуви марказида реабилитация курсига йўллади. Марказдаги машғулотлар туфайли бола анча ҳаракатчан бўлиб, гапиришни ўрганди ва аста-секин оёғида тура бошлади.

Фонднинг молиявий кўмаги билан 2015 йилдан бери франциялик кардиожарроҳлар томонидан 110 дан зиёд мураккаб юрак операциялари бажарилди, улардан 20 таси Франциянинг Нант шаҳридаги клиникада амалга оширилди. Фаолияти «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди томонидан мувофиқлаштириладиган Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (РБИММ) Лола Каримова-Тилляева ташаббуси билан 2004 йилда имконияти чекланган болаларга диагностика, ортопедик ва неврологик даволаш бўйича ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. Марказда барча хизматлар бепул кўрсатилади.

Дўстларингизга улашинг: