ОГОҲ БЎЛИНГ! Ўткир юқумли ичак касаллиги билан оғриган бемор даволаш учун 1 млн. сўм маблағ сарфлайди

Мавсум касалликларидан сақланинг!

Ўткир юқумли ичак касалликларини турли хил микроорганизмлар келтириб чиқаради. Ушбу микроорганизмлар иссиқ шароитда тез кўпаяди ва шу сабабли касаллик асосан ёз ва куз мавсумларида кўпроқ учрайди.

Фото: webinfo.kz

Касаллик қўзғатувчилари қайнатилмаган сув, ҳар-хил туриб қолган тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотлари (сут ва сут маҳсулотлари, қандолат маҳсулотлари, калла гўшти, қийма кабоб), ювилмаган мевалар ейиш орқали одам организмига тушиши оқибатида касаллик тарқалади.

Ҳаво исиши билан одамлар табиат қучоғига сайрга чиқиб, ҳар-хил чанқовбости ичимликлар (айрон, шарбатлар, газли сув ва бошқа салқинлантирувчи ичимликлар) истеъмол қилишади, очиқ сув ҳавзаларида чўмилишади. Бундай сyв ҳавзаларида ўткир ичбуруғ, ич терлама, паратиф А, Б, салмонеллёз, вабо ва бошқа юқумли касалликлар қўзғатувчилари мавжуд бўлиши мумкин. Чўмилиш жараёнида оғиз орқали тушган сув миқдори касаллик келтириб чиқариш учун етарлича микроорганизмлар сақлайди.

Касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида шаҳар ДСЭНМ шифокорлари
шаҳар бозорлари ва унга ёндош кўчаларда санитария-гигиена қоидаларига амал қилмасдан фаолият кўрсатаётган фуқароларга тегишли 200 литр газли сув, 1300 литр морс, 110 литр ўрик шарбати, 393 литр маринадланган бодринг ва помидор консерва маҳсулотлари олиб қўйилди ва белгиланган тартибда йўқ қилинди.

Аҳоли ўртасида қайд этилган касаллик учоқларида эпидемиологик суриштирув ва таҳлиллар ўтказилмоқда. Эпидемиологик таҳлил натижаларига кўра қайд этилган жами касаллик ҳолатининг 41,8 фоизини 1-3 ёшли болалар ташкил этмоқда.

Эпидемиологик суриштирувларда ёш оналарнинг болалар парваришида шахсий санитария-гигиена қоидаларига амал қилмасликлари, нотўғри овқатлантириши аниқланмоқда. Касалликнинг асосий аломатлари: умумий ҳолсизлик, қорин соҳасида оғриқ бўлиши, иштаҳа йўқлиги, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиш, тананинг сувсизланиши, талвасаланишдир.

Агарда ўзингизда, оила аъзоларингизда касалликнинг илк белгилари сезилса, зудлик билан оилавий поликлиникалар шифокорига мурожаат қилиш ва уларнинг тавсиясига кўра, даво муолажаларини олиш зарур.

Касалликнинг олдини олиш борасида зарур профилактик тадбирлар:

— 1 ёшгача бўлган болаларни кўкрак сути билан боқиш, 6 ойдан кейин қўшимча овқатларни тайёрлаш жараёнида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиниши, улар учун овқатларни бир марта овқатлантиришга етадиган миқдорда тайёрлаш, шу мақсадда ишлатиладиган полиэтилен ва шиша идишларнинг ювилиши ҳамда қайнатилишини таъминлаш;
— сувни қайнатилган ҳолда ичиш;
— хўл мевалар ҳамда полиз маҳсулотларини ювиб истеъмол қилиш;
— яхши сақланмаган ва узоқ вақт туриб қолган овқатлар ва салатларни истеъмол қилмаслик;
— овқатланиш тартиби ҳамда маданиятига эътибор бериш, яъни мева ва сабзавотлар ҳамда полиз маҳсулотларини истеъмол қилинганидан сўнг қайнатилмаган сув ичмаслик ёки уларни ёғли овқатлар билан бир вақтнинг ўзида истеъмол қилмаслик, совутгичларни тоза тутиш, ундаги маҳсулотларнинг янгилаб турилишига эътиборли бўлиш;
— сўрғичдан фойдаланмаслик;
— уйда ва жамоат жойларида шахсий ва умумий гигиена қоидаларига риоя қилиш;
— чўмилиш учун мўлжалланган сув ҳавзаларида чўмилиш;
— қўлларни овқатдан олдин ва ҳожатдан кейин совунлаб ювиш каби кўникмаларни болаларга ёшлигидан сингдириб бориш;
— кундалик турмушни тўғри режалаштириш, жисмонан фаол бўлиш;
— уйда ва жамоат жойларида озодалик ва орасталикка риоя қилиш;
— пашшаларнинг кўпайишига йўл қўймаслик керак.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар! Ушбу қоидаларга амал қилиш ўткир ичак инфекцияларидан сақланишнинг ягона йўлидир! Ўткир юқумли ичак касаллиги билан оғриган 1 нафар беморни даволаш учун ўртача 1 млн. сўм маблағ сарфланади. Касалликни даволагандан, унинг олдини олиш афзалдир.

М.МАНСУРОВА,
И.ҲАМДАМОВА,
Қўқон шаҳар ДСЭНМ шифокорлари.

Дўстларингизга улашинг: