Папиллома вируси сабабли юзага келадиган касалликлар

Сўнгги йилларда папиллома вируси сабабли юзага келадиган касалликлар “трендда” деса ҳам бўлади. Бу вирус ўта чидамли ва ўлмайдиган эмас, бироқ белгиларсиз кечиши билан ҳавфли.

Фото: Science Debate

Аслида вирус битта эмас, унинг 200 дан ортиқ тури бор. Уларнинг аксарияти ҳавфсиз саналади. Таҳминан 40 та тури инсонлар жинсий аъзоларига “ҳужум”қилади. 14 та тури эса БЖССТ маълумотига кўра рак касаллигига сабаб бўлади.

Ушбу вирус билан кўпинча аёллар касалланишади. Айнан папиллома вируси 70% ҳолатда бачадон бўйни ракига сабаб бўлади. Бироқ, эркаклар ҳам бундай ҳимояланмаган. Уларда тўғри ичак ташқи қисми, оғиз-томоқ бўшлиғи ва олат ракига сабаб бўлади.

Агар сизда вирус аниқланган бўлса, уни рак келтириб чиқарадими йўқми, аниқлаш қийин. Лекин вируснинг ўзини борлиги эхтимолликни келтириб чиқаради. Америка жинсий саломатлик академияси маълумотига кўра жинсий ҳаёт билан яшовчи кишиларнинг 80% қисмида бу вирус мавжуд бўлади. Афсуски уларнинг кўпчилиги ўзидаги касалликларга шу вирус сабабчи бўлганини билмай ҳам юришади.

Одам папиллома вируси белгиларсиз кечиши ҳам, ифодаланган белгилар билан кечиши ҳам мумкин. Шу сабабли вирус юқтирилганига қанча вақт бўлганлигини аниқ билиш мумкин эмас. Терингизда турли бўртмалар (папиллома, кондилома, сўгал) сизда одам папиллома вируси борлигини билдиради. Одатдан бундай ҳосилалар икки йилда мустақил йўқолиб кетади.

Агар шундай бўртмалар жинсий аъзоларда ва оғиз бўшлиғида бўлса врачингизни албатта маслаҳатини олинг. Бунда терапевт, гинеколог ва уролог кўригидан ўтинг. Вируснинг сурункали таъсири эса ҳужайраларнинг ўзгаришига ва рак ривожланишига олиб келади. Бунинг учун одатда 10-20 йил талаб этилади.

Даволаш учун вирусга қарши восита йўқ. Даволаш юзага келган белгиларга қараб олиб борилади. Сўгал ва бошқа ҳосилалар олиб ташланади. Рак олди ҳолати ва рак эрта аниқланса уни даволаш шунчалик самарали бўлади. Шу сабабли БЖССТ 30 ёшдан ошган аёлларга бачадон бўйни рак олди ҳолати ва ракини эрта аниқлаш учун регуляр равишда Пап-тест ўтказишни тавсия қилади. Эркаклар учун эса маълум скрининг текшируви тавсия этилмаган. 40 ёшдан катта эркаклар мунтазам уролог кўригидан ўтиб турса, ушбу касалликлар эрта аниқланади.

Ушбу вирусни организмга тушишини олдини олиш даволашдан кўра анча осон. Бу эса вакцинация дегани. Вакцина эса организмга аввал вирус тушмаган бўлса самаралидир. Шу сабабли БЖССТ 9-14 ёшда (идеал тарзда 11-12 ёшда) вакцина олишни тавсия қилади. Агар вакцина олмаган бўлсангиз эркаклар учун 21 ёшгача, аёллар учун 26 ёшгача олиш тавсия этилади.

Ушбу вирус билан зарарланмаслик учун нима қилиш керак? Қуйидаги тавсияларга амал қилиш орқали вирус юқишини камайтириш мумкин:

—  жинсий алоқани битта, соғлом партнёр билан олиб боринг;

—  сиздан ташқари жинсий шериги бор киши билан алоқа қилишдан сақланинг;

—  резинали ҳимоя воситаларидан фойдаланинг;

—  иммун тизимингиз кучсиз бўлса ўзингизни эҳтиёт қилинг;

—  чекишни ташланг! Чекин бачадон бўйни раки ва бошқа онкологик касалликларни кучайтиради;

—  иммун тизимингизни мустаҳкамланг;

 

Хуршид Якубжонов,

шифокор

Дўстларингизга улашинг: