Фарғонада директорлар кенгашининг олтинчи семинари ўтказилди

Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Фарғона филиалида Республика директорлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Семинарда республикамизнинг барча вилоятларидан келган ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлар малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази директорлари иштирок этди.

Меҳмонлар  тиб илмининг султони  Абу Али Ибн Синонинг янги қад ростлаган монументи очилишида иштирок этдилар. Фарғона филиалида ўрта тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Ўзбекистан Республикаси Президентининг “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан меьёрий ҳужжатлар таҳлили, Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази филиалларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кредит модулли ўқитиш тизимини жорий этиш орқали ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Давлат талабини ишлаб чиқиш ва ўзаро тажриба алмашиш семинарнинг асосий мақсади ҳисобланади, – дейди Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази директори Лолахон Мусаджонова. –  Ҳозирги кунга қадар тиббиёт ходими  5 йилда 1 марта 144 соат, ишдан ажралган, маоши сақланган ҳолда малака ошириб келар эди. Узлуксизликни таъминлаш мақсадида эндиликда 180 соат ўқитиш тизими йўлга қўйилди. Яъни қолган 36 соатини 4 йил ичида ишдан ажралмаган ҳолда ўқиши керак бўлади. Уларга амалий ёрдам бериш учун ҳар бир марказ ходимлари фаол иштирокчи бўлиши шарт. Турли семинарлар, давра суҳбатлари, конференциялар, дистанцион ўқишлар ташкил этиш кенгашнинг асосий масаласи ҳисобланади.

Илгари кенгаш йиғилиши фақат Тошкент шаҳрида бўларди. Биз бу анъанани бошқача йўл билан, яъни вилоятларга бориб ўтказиш ва амалий ёрдам кўрсатишни мақсад қилдик. 2 ойда бир маротаба бўлиб ўтадиган директорлар кенгашининг олтинчи семинари Фарғонада ўтказилиши келишиб олинганди. Бугунги кунда марказлар сони 14 тани ташкил қилса, Фарғона вилоятида аҳоли сони кўплиги ва зичлигини инобатга олиб, Фарғона  ва Қўқон филиаллари фаолиятини йўлга қўйганмиз. Бу, ўз ўрнида, ўрта тиббиёт ходимларига енгиллик бўлди. Онлайн тизим эса ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга  барҳам  берди.

Семинар қатнашчилари Фарғона филиалида яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Айниқса, инновацион тиббиёт хонаси меҳмонларда катта тассурот қолдирди.

– Водийни бир узук дейдиган бўлсак, узукнинг кўзи бўлган Фарғонага хуш келибсизлар, – дея гап бошлади Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров. – Юртбошимиз тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган йиғилишда “бугунги кунда тиббиёт соҳасида жадаллик билан ислоҳот қилиш вақти келди, ҳам масъулмиз, ҳам мажбурмиз” деб таъкидлаган эди. У, аввало, тиббиёт соҳасида турган энг долзарб камчиликларни эътироф этди. Биринчиси, халқимиз доимо нолиб келган шошилинч тиббий ёрдамдаги камчиликларни бартараф этиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўлса, иккинчиси, кам маблағ талаб қиладиган, лекин яхши сармара берадиган, бирламчи тиббий санитария хизматини йўлга қўйишдир. Президентимиз шу йиғилишда “халқ бизга ишониб юрагини берди, биз эса бир парча қоғоз бердик” дея таъкидлаган эди. Ҳақиқатан ҳам, патронажларимиз илгари кўзбўямачиликка йўл қўярди. “Борсам йўқ экан” ёки “соғлом” деб қайтарди. Аслида-чи? Аслида, ҳолат қанақалигини кўриб турибмиз.

Тиббиётнинг қай даражадалигини кўрсатувчи бу – оналар ва болалар саломатлиги ва ўлимидир. 2005 йилдан бошлаб оналар ва гўдаклар ўлими яшириб келинган. Соғлом туғилган чақалоқлар ҳам патронаж ҳамшираларининг эътиборсизлиги ва масъулиятнинг етарли эмаслиги сабабли вафот этган.

Биз касаллар билан эмас, соғлом аҳоли билан ишлашимиз керак. Ўрта бўғин тиббиёт ходимлари бемори бор хонадонларга эмас, балки соғлом оилаларга ҳам кириб бориб, тиббий маданиятни шакллантириш бўйича суҳбатлар ўтказиши шарт. Тўғри овқатланиш маданиятини ўргатиши даркор. Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида бундай амалиёт жуда қўл келади. Шундай экан, энг катта армиямиз бўлган ўрта тиббиёт ходимларини малакасини оширишга эътиборни кучайтиришимиз зарур. Демак, куч сизларда, бизларда. Юртбошимиз халқимизга, тиббиёт ходимларига қалбини берди, биз ҳам фақат бир парча қоғоз ўрнига ёниб ишлайлик, дея ўз сўзини якунлади О.Умаров.

Семинар давомида республикамиздаги вилоят ва шаҳар малака ошириш филиалларининг ўқув йили якуни бўйича ҳисоботлари эшитилди. Зарур тавсиялар берилиб, якдиллик билан ишлашга келишиб олинди.

М.Шокирова,

журналист

Дўстларингизга улашинг: