СТАТИСТИКА: Дунёнинг 1,5 миллиард аҳолиси кашанда

Инсониятнинг замонавий ҳаёт тарзида тамаки чекиш кўпгина сурункали касалликлар, ногиронликни келтириб чиқарувчи, иш қобилиятини пасайтирувчи ва ўлимнинг ёшариб бораётганлигига сабаб бўлувчи хавфли омиллардан ҳисобланади.

Фото: pochemu24.ru

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, “пассив наркотик”–тамаки чекиш инсон организимида юрак-қон томир, асаб, ўпка ва бошқа аъзолари билан боғлиқ бўлган 25 га яқин ҳасталикларни келтириб чиқаради. Айни пайтда дунёнинг 1,5 миллиард аҳолисини ўз домига тортган ушбу зарарли одат йилдан-йилга “ёшариб” бормоқда. Инсонларнинг ривожланган давлатларда 18 ёшдан, ривожланаётган давлатларда 15, қолоқ давлатларда эса ҳатто 13 ёшдан бошлаб чекишга ружу қўяётгани ачинарли ҳолат ҳисобланмоқда.

Кашандаликка қарши курашиш йўлида 1988 йил Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюцияга кўра, 31 май санаси “Бутунжаҳон чекишга қарши курашиш куни” деб эълон қилинди.

Ҳар йили ушбу сана муносабати билан ташкилотга аъзо давлатларда маълум мавзу асосида турли тадбирлар ташкил этилади.

Сананинг бу йилги тантаналари “Тамаки ва ўпка соғлиги” мавзусида ўтказилади.

З.Мирзабоева

Дўстларингизга улашинг: