Қачонгача “табиб”ларнинг гапига ишониб кетаверамиз?

 

Фото: apest.ru

Шифокор Хуршид Якубжонов ўзининг телеграм каналида аҳолининг тиббий маданияти ҳақида ўз муносабатини билдирди:

-“Алдагани бола яхши” деган мақолни кўпчилигимиз биламиз. Сабаби болаларнинг ақли ҳали ўта ривожланмаганидан, оддий, содда гапларга ишониб кетаверганидан шу мақол юзага келган бўлса керак…

Бўлаётган ишларга қараб “алдагани ўзбек яхши” деган вариантини ҳам бемалол истеъмолга киритсак бўлаверади. Шаҳсан ўзим билан ҳам бир нечта кишилар “сиз билмайсизда Ҳасан табибни, ҳамма касалликни аниқлаб, даволайди”, деб ёзишган…

Энди биз томонлардан яна биттаси чиқди. Асалари чақтириб даволайман деган. Реклама афишасини кўрсангиз сўзларни тўғри ёза олмайди. Лекин номи табиб… Тўғри, асалари заҳрини фойдаси бор (бу ҳақда албатта пост бўлади), лекин у даражада эмас. Бир вақтлар уйда дадам асалари боққан. “Агар ари чаққанидан касал тузаладиган бўлса, мен энг соғломлардан бўлишим керак эди. Бир кунда 10-15 талаб ари чаққан, мени”, дейди дадам.

Ўзимча ўйлайман, бўғим оғриғида бўғимни чақтирар… Геморройни қанақи қилиб чақтириб, даволар экан?… Бепуштликничи?

Ундай ҳам қизиғи Чустдаги сув… Давлат ташкилотлари истеъмолга яроқсиз, деб турибди. Кеча битта бемор “одамлар ўша шифобаҳш сувдан фойдаланиб даволанса буларни дорилари ўтмай қолади, шунинг учун ҳам яроқсиз деб ёзиб берганда”, дейди…

Бу ҳолатга биринчи ўринда ўзимиз – тиббиёт ҳодимлари айбдормиз. Ҳамма жойда ҳам тиббиётнинг сифати талаб даражасида, деб айта олмаймиз. Иккинчи сабаби эса одамларнинг тиббий билимлари етарли эмас. Аслида бу ҳам бизнинг айбимиз. Бирламчи тизимнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлган тушунтириш-тарғибот ишлари фақатгина қоғозларда қолиб кетмоқда. Ҳолатнинг яна бир сабаби кишиларнинг ўз саломатлигига бефарқлигидир. Касал бўлиб, ўтказвориб, даволанмайдиган ҳолга келгач, тиббиёт ҳодимидан ҳақиқатни билиб, мана шундай сохта “табиблар”нинг гапига ишониб кетишади. Бу эса ўзларига фақатина зарар бўлади, ҳолос.

Дўстларингизга улашинг: