Ўзбекистон бўйлаб «Семиз бола — соғлом болами?» акцияси тадбирлари уюштирилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакат бўйлаб «Семиз бола — соғлом болами?» акцияси доирасида фаол юриш бўйича оммавий тадбирлар уюштирилди.  

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бундай оммавий тадбирларнинг мунтазам равишда ўтказилиши аҳолининг соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини кучайтириб, жисмоний фаол бўлишга ундамоқда.

XXI асрда жамият дуч келадиган энг жиддий муаммолардан бири болалар ўртасида семиришдир. Бундай болаларда қандли диабет ва юрак-қон томир касалликлари, таянч-ҳаракат касалликлари, айниқса, остеоатрит каби айрим инфекцияли касалликлар кичик ёшда пайдо бўлиши мумкин. Болаларда семириш эрта ўлим ва ногирон бўлиш эҳтимолининг ортиши сабаб бўлади.

Боланинг вазнига таъсир этувчи биринчи омил кам ҳаракат ҳаёт тарзидир. Болалар мактабда 6 соат, дарс тайёрлаш учун 2 соат, телевизорда қаршисида 2 соат, компьютерга 2 соат ажратади. Тоза ҳавода сайр қилишга эса 1,5-2 соатгина вақт қолади Кўриниб турибдики, боланинг кўп вақти камҳаракатликда ўтади.

Иккинчи омил — нотўғри овқатланишдир. Бугунги кунда дўкон токчаларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, тез тайёрланувчи егуликлар, газли ичимликлар ва турли ширинликларнинг аксарияти болалар учун зарарли ҳисобланади. Бу болаларнинг семириб кетишига сабаб бўлиши баробарида, турли касалликларга ҳам дучор этиши мумкин.

Фаол ҳаёт тарзи эса мана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларда семизликнинг олдини олишга устувор аҳамият қаратмоқда.

Мамлакат бўйлаб ўтказилган фаол юриш тадбирларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, барча тиббиёт муассасалари шифокорлари, ҳудудлардаги ҳамкор ташкилотлар вакиллар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этдилар. Бунда фаол юриш тадбирларидан ташқари, болалар учун қизиқарли спорт тадбирлари ҳам ўтказилди.

Дўстларингизга улашинг: