Ўзбекистоннинг энг яхши ҳамшираси асли Фарғоналикми?

Аввал хабар берганимиздек, Наманган вилояти Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими хирургия пости навбатчи ҳамшираси Дилафрўз Паттаева “Ҳамшира-2019” республика кўрик-танловида биринчи ўринни қўлга киритди. У ҳақида нималарни биламиз?

Фото: Янгиқўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Дилафрўз 1997 йили Фарғона шаҳрида туғилган. Ота-онаси янгиқўрғонлик, дадаси Муҳаммаджон Юнусов ҳарбий шифокор бўлгани учун қўшни вилоятда фаолият олиб боришган. Онаси Турсуной Тўйчибоева ҳам тиббиёт ходими сифатида хизмат қилади.

Дилафрўз 2015-йилда Наманган тиббиёт коллежини тамомлаб, туман тиббий ёрдам бўлими жарроҳлик постида ҳамшира сифатида иш бошлади ва ҳозиргача шу ерда ишлаб келяпти. Соҳасидан ташқари сиёсат ва нотиқликка қизикади, бу йўналишларда вилоят ва республика танловларида ғолиб бўлган. ХДП туман кенгаши “Истиқбол” ёшлар қаноти раиси ҳисобланади.

-Муассаса, туман ва вилоят босқичларида ғолиб бўлиб, республика босқичига етиб бордим. Бу ерда билимларимиз 5 та босқичда синаб кўрилди. Дастлаб Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказида беморларни қабул қилиш, ташхис қўйиш, парвариш қилиш ва натижани баҳолаш жараёнларидаги лаёқатимиз баҳоланди. Сўнг тиббиётга доир тезкор савол-жавоблар бўлиб ўтди. Кейин навбат 7 та йўналиш бўйича амалий-назарий билимлар синовига келди. Ҳамшира ташрифини намойиш этиб бердик, ижтимоий-сиёсий соҳадан хабардорлигимиз имтиҳон қилинди.

Якунда ғолиб деб топилганимни вилоятимиз ва туманимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар меваси сифатида баҳолаш мумкин, — дейди Дилафрўз Паттаева.

Дўстларингизга улашинг: