• 2019/2020-ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентларга олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
  • Олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовлари июль-август ойларида ўтказилади.
  • Абитуриентнинг тест синовида тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси эса тест синовини ўтказиш жараёни тўлиқ якунланганидан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Келгуси ўқув йилидан абитуриентлар 5 та фандан тест синови топширадилар, 3 таси мажбурий

2020/2021-ўқув йили қабулидан бошлаб тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси икки бўлимга ажратилади.

Биринчи бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий бўлган қуйидаги учта фан киритилади:

  • она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили);
  • математика;
  • Ўзбекистон тарихи.

Иккинчи бўлимга абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилади.

IELTS, TOEFL, TestDAF каби сертификатларга эга абитуриентлар чет тили тестларидан озод қилинади

IELTS, TOEFL (инглиз тили), DELF (француз тили), Goethe-Zertifikat (немис тили) ва бир қатор бошқа хорижий тилларнинг халқаро сертификатига эга абитуриентларга шу фандан белгиланган максимал балл берилиб, тестдан озод этилади.

Масалан, агар инглиз тили биринчи фан сифатида киритилган бакалавриат йўналишларига ҳужжат топширган бўлса:

  • International English Learning Testing System (IELTS 5,5) ва ундан юқори,
  • Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 72) ва ундан юқори,
  • Cambridge Assessment English FCE ва ундан юқори кўрсаткичларга эга бўлишлари керак.

Инглиз тили биринчи фан бўлмаган бошқа бакалавриат йўналишларида:

  • International English Learning Testing System (IELTS 4,5),
  • Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 42) ва ундан юқори,
  • Cambridge Assessment English PET, B1 ва ундан юқори кўрсаткичларга эга бўлишлари керак.

Магистратура йўналишларида ҳам шундай тартиб жорий этилади.

Бу нафақат инглиз тилига, балки немис, француз, испан, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, итальян, япон тилларига ҳам тааллуқли.