Одилжон Умаров: “Олижаноб касб эгалари бўлган ҳамшираларимиз қаршисида ҳамиша таъзимдаман”

Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалининг фаоллар залида 12 май – Халқаро ҳамширалар кунига бағишланган байрам тадбирида фидойи касб эгаларига яна бир бор эҳтиром кўрсатилди.

Унда Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров сўзга чиқиб, барча ҳамшираларни Халқаро ҳамширалар куни билан самимий қутлади.

– Замонавий тиббиётни ҳамширалар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Энг илғор технологияларга асосланган амалиётларни ўтказиш жараёнидан тортиб, операциядан кейинги бемор парвариши, лаборатория-диагностика соҳаси, уйма-уй юриб, оиладаги тиббий маданият даражасининг юқори бўлишида патронаж ҳамшираларнинг ўрни беқиёс, – деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи О.Умаров. -Шу боис ана шундай фидойи, ораста, оқила, бир сўз билан айтганда, олижаноб касб эгалари бўлган ҳамшираларимиз қаршисида ҳамиша таъзимдаман.

Тадбирда вилоятдаги шаҳар ва туманлардаги тиббиёт муассасаларида ўтган йил давомида самарали фаолияти билан аҳоли саломатлигини сақлашда муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фидойи ҳамширалар соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан диплом ва эсталик совғалари билан тақдирланди.

Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тантанали байрам тадбирига ўзгача файз киритди.

 

Дўстларингизга улашинг: