Ўзбекистонлик болажонлар Францияда операция қилинди

Оғир туғма юрак нуқсони билан касалланган беш нафар ўзбекистонлик болажонлар шошилинч жарроҳлик ва интенсив кардиологик ёрдам олиш учун Францияга жўнатилди. Ушбу хайрия акцияси Лола Каримова-Тилляеванинг «Sen Yolg’iz Emassan» Фонди томонидан амалга оширилди.

Фото: “Sen Yolg’iz Emassan” Фонди

Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларидан 3 ойдан 9 ёшгача бўлган 4 нафар болага Франциянинг Нант шаҳридаги клиникада профессор Оливье Барон бошчилигидаги етакчи француз кардиожарроҳлари томонидан юрак операциялари бажарилди.

Ўртача етти соат давом этиб, муваффақиятли ўтган операциялардан сўнг, болалар уч ҳафта давомида франциялик шифокорлар назоратида бўлишди.

Ушбу гуруҳдан бўлган бешинчи болажон Нант педиатрик клиникасининг интенсив кардиология бўлимида тўлиқ текширув ва даволаниш жараёнидан ўтди.

Ҳозирги кунда болажонларнинг соғлиғи анча яхши бўлиб, реабилитация курси тугагач, куни-кеча улар оналари билан биргаликда ватанларига қайтиб келдилар.

Нант шаҳридаги клиникага Фондимиз болаларни оналари билан биргаликда юборди. Шунингдек, Тошкентдан Францияга сафар пайтида соғлиғи заиф болажонларнинг аҳволини назорат остида ушлаб туриш мақсадида Фонднинг малакали шифокори уларга ҳамроҳлик қилди. Француз шифокорлари болажонларнинг оналарини фарзандлари аҳволи ҳақида мунтазам ва тўлиқ хабардор қилиб туришлари учун Фондимиз томонидан шифокор-таржимон таъминланди.

«Sen Yolg’iz Emassan» Фондининг молиявий кўмаги билан шу кунга қадар франциялик кардиожарроҳлар томонидан ўзбекистонлик кам таъминланган оила фарзандлари ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига 110дан ортиқ мураккаб юрак операциялари бажарилди, улардан 20 таси Франциянинг Нант шаҳридаги клиникада амалга оширилди.

Дўстларингизга улашинг: