Сил касаллиги ва меҳнат миграцияси

Бутун жаҳонда миллионлаб инсонларнинг умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилаларнинг тинчлигини бузаётган сил касаллиги ўзининг оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда.

Ер юзида ушбу касаллик билан яшаётган одамлар сони 1/3 қисми ташкил этади. Касаллик турли ёшдаги аҳоли орасида, айниқса, навқирон 20-50 ёшлилар ўртасида кўплаб қайд этилиши хатарлидир.
Бироқ шунча тарғибот ва тушунтириш тадбирларига қарамай, ўз билганича йўл тутиб, таниш-нотаниш воситачиларнинг найрангига чув тушаётган, оқибатда ўзининг соғлигига путур етказаётганлар ҳам орамизда топилади. Ўзга юртнинг тили, маданияти, урф-одат ва қадриятларидан бехабар айрим кишиларнинг мўмай даромад илинжида иши, уй-жойи, яқинларини ташлаб, олисларга кетаётганини тушуниш қийин. Шу ўринда халқимизнинг: «Ҳар ерни қилма орзу, ҳар жойда бор тош-тарозу», деган пурмаъно ҳикмати ёдга тушади.
Бинобарин, ноқулай меҳнат, об-ҳаво ва яшаш шароити, пала-партиш, носоғлом турмуш тарзи туфайли соғлиғини йўқотаётган, баoзан эса майиб-мажруҳ бўлиб қайтаётганларни кўрганда юқоридаги ҳикматнинг нақадар ҳаққонийлиги яна бир бор аён бўлади. Энг ёмони, иш ва яшаш жойидаги номуносиб шарт-шароит ва бошқа хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида рўй бераётган мудҳиш ҳолатлар киши қалбини ларзага солади. Кун бўйи оғир шароитларда ишлашлари ва етарлича тўйиб овқатланмаслик, бора-бора иммунететни кучсизлантиради. Сил касаллиги эса бундай организмда осонликча пайдо бўлади ва аста секинлик билан ён атрофдагиларига хавф сола бошлайди. Сил касаллигига чалинган бемор билан мулоқотда бўлганлар ўзи яшаб турган даволаш-профилактика муассасасига мурожаат қилиб, белгиланган тартибда тиббий- кўрикдан ўтишлари шарт. Аммо, чет давлатларда тиббий хизмат қимматлиги ёки бўлмаса ўз ишидан ажралиб қолишидан қўрқиб, даволанмай юришади. Натижада эса бемор оғирлашади. Бу сингари ҳодисалар ҳар қанча ачинарли бўлмасин, айни пайтда аччиқ ҳақиқат ҳамдир.
Меҳнат мигрантларининг соғлигини сақлаш ва уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларга суғурта полисларини тарқатиш ишлари олиб боришларига қарамасдан, меҳнат муҳожирлари орасида сил касаллиги билан чалинганлар кўплаб учрамоқда. Дунёдаги барча мамлакатларда ушбу хасталик билан касалланиш ва унда ўлим ҳолатларининг кузатилиши қайд қилинмоқда. Ҳар йили дунёда 8-10 миллион киши сил касаллиги билан касалланиб, 3 миллиондан кўпроқ беморларда касаллик ўлим билан тугаши ачинарли ҳолдир. Мусофирчиликдаги сарсон-саргардонлик кишининг иродасини букиб қўйиши ҳеч гап эмас. Айрим шахслар орқали четдаги енгил-елпи, пала-партиш ҳаёт тарзи оқибатида турли юқумли касалликларнинг кириб келмаслигига ҳам ҳеч қандай кафолат йўқ. Шундай экан, юртдан олисда соғинчдан сарғайишга, тирикчилик қайғусида соғлиқдан, иззат-нафсдан айрилишга не ҳожат?!

Екатерина ГОДУНОВА,
мустақил журналист

Дўстларингизга улашинг: