Зухрахон Ҳайдарова “Ҳамшира – 2019” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлди

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда биринчи тиббий кўмак беришда ҳамшираларнинг алоҳида ўрни бор.

Фарғона шаҳридаги “Кимёгарлар” саройида бўлиб ўтган “Ҳамшира – 2019” кўрик-танловининг вилоят босқичида ўрта тиббиёт ходимларининг малакаси, ижтимоий фаоллиги, тиббиёт соҳасидаги кўникмаси синовдан ўтказилди.

Унда иштирок этган 14 нафар ҳамшира 11 та шарт бўйича ўзаро беллашди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир ҳамширанинг тиббиёт муассасаларидаги фаолиятига, ўз касбига садоқатига, етарли билим ва кўникмага эга эканлигига, беморларга ширинсўзлигига алоҳида аҳамият берилди.

Танлов якунига кўра, вилоят Перинатал маркази қабулхона бўлими катта дояси Зухрахон Ҳайдарова биринчи, Қува тумани тиббиёт бирлашмаси 37-қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамшираси Гулҳайё Мадазимова  иккинчи ҳамда Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси неврология бўлими ҳамшираси Мавлудахон Носировалар учинчи ўринга муносиб топилди.

Шунингдек,  танлов ташкилотчиларининг мукофотлари ва “Ҳамшира–2019” кўрик танловининг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланма топширилди.

Дўстларингизга улашинг: