Иймонли шифокорлар кўпаяверсин!

Қарийб 40 йилдан буён шифокорлик касбини сидқидил меҳнати билан ардоқлаб келаётган, юзлаб-минглаб кишилар дардини енгиллаштириб, уларнинг жонларига аро кирган стоматолог-врач – “Dental House Kokand” масъулияти чекланган жамияти бош шифокори Адҳамжон Имомназаров кўплаб инсонларнинг меҳр тўла дил сўзларини эшитишдек бахтга эришган шифокордир.

Шоҳруҳобод кўчасидаги 44-кўпқаватли уйнинг 1-хонадонида яшовчи пенсионер А.Ҳакимов I гуруҳ ногирони, 1980 йилда туғилган қизи (руҳий бемор) Соҳибахон билан шифокор Адҳамжон Имомназаровга газета орқали миннатдорчилик билдирмоқчи эканликларини айтишди.

— Яхшиямки, шундай иймонли одамлар бор экан, мушкулимиз енгиллашди, — дейди бемор қизнинг отаси. – Қизимнинг тишларини даволатиш учун шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими мутасаддиларига бир неча бор учрашдим. Пулини тўлаб, даволаниш учун маблағимиз йўқ, пенсиямиз оз – озиқ-овқатимизга аранг етмоқда. Шу боис бизга ёрдам беришмади. Қўқон бирлашган темир йўл шифохонасига нажот сўраб борганимизда у ердагилар бизга шундай дейишди: “Кўрик учун 5000 сўм, оғриқсизлантириб, тиш олиш учун 150000 сўм, касалланган тишни даволаш учун 80.000 сўм, 11 та коронка қўйиш учун 550.000 сўм, 9 та қуйма тиш учун 360.000 сўм. Жами: 1.145.000 (бир миллион бир юз қирқ беш минг) сўм тўлайсизлар. Бепул даволамаймиз.”

Шундан сўнг моддий ёрдам беришларини сўраб “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини фаолларига учрашдим. У ерда ҳам бизга кўмак бўлмади. Дилимизда умид учқуни билан Адҳамжон Имомназаровнинг қабулига келдик. Бу иймонли шифокор қизимни бепул даволашни зиммасига олди ва ўша кунданоқ даволашни бошлаб юборди. Ҳозир қизимнинг тиш билан боғлиқ муаммолари йўқ.

Хурсандчилигимиздан бошимиз кўкка етгудек. Ҳожатбарор шифокор доимо соғ-омон бўлсин, шифобахш қўли асло дард кўрмасин!

А.Имомназаров ТошМИнинг стоматолия факультетини 1981 йилда тамомлаганидан буён шу соҳада ҳормай-толмай ишлаб келмоқда. Таъбир жоиз бўлса, у ўз касбининг билимдонидир. Орамизда шундай олижаноб, хайр-саховатли одамларнинг борлигидан дил қувонади, илҳомланади:

Осмонўпар тоғларда ҳатто ёзда қор бўлар,
Чин мусулмон қалбида собит иймон, ор бўлар.
Халқу Ватан корига бел боғлаган Инсонга –
Парвардигор мададкор, бахт-у омад ёр бўлар!

Адҳам МИРСАИДОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

Дўстларингизга улашинг: