Умра зиёратчилари тиббий кўриги туман тиббиёт бирлашмаларида ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний ишлар қўмитаси маълумотига кўра, Умрага борувчи зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш яшаш манзилидаги туман тиббиёт бирлашмаларида ташкил этилади. Бу ҳақда KUN.UZ сайти хабар берди

Фото: sof.uz

«2018 йилнинг 28 октябридан Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрига ҳафтада 3та авиақатнов амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг 31 март кунидан эътиборан ҳар куни биттадан авиапарвоз йўлга қўйилди. Аввалги йилларда бир йилда 10 минг нафар зиёратчи Умра сафарига борган бўлса, ҳозир фақатгина бир ойда 7 минг нафар юртдошимиз муборак зиёратни адо этмоқда.

Ўтган йилнинг 28 октябрь кунидан жорий йилнинг 4 апрель кунига қадар 15 минг фуқаро Умра зиёратини адо этди. Рамазон ойигача ушбу кўрсаткич 30 мингга етиши режалаштирилган. Бундан кўзланган мақсад — ҳозирги кунда Умра сафарига бориш истагида бўлган фуқароларимизнинг кўп йиллик навбатларини бартараф этишдир.

Жорий йилнинг 1 апрель санасидан эътиборан Умра сафарига борадиган юртдошларимизнинг сони кескин ошганлиги сабабли, зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш фуқароларнинг доимий яшаш манзилларидаги туман тиббиёт бирлашмалари орқали ташкил этиладиган бўлди. Бу билан тиббиёт муассасаларидаги навбатлар ва ортиқча оворагарчиликлар бартараф этилиши кўзда тутилган», дейилади ДИҚ матбуот хизмати маълумотномасида.

Дўстларингизга улашинг: