Ичкиликбозлик ва алкоголизмнинг фарқи нимада?

Инсон ДНКсида кишининг ичкиликка ружу қўйиши ва алкоголизмнинг ривожланишига жавоб берувчи бошқа-бошқа ген комбинациялари мавжуд. Гарчи сурункали ичкиликбозлик қарамликнинг шаклланиши учун «замин яратсада», айрим генетик хусусиятлар бундай бўлишига йўл қўймаслиги мумкин, дейилади «Nature Communications» журналида чоп этилган мақолада.

Фото: blog.mednote.life

Мақолада Пенсильвания университети олимлари қарийб 275 минг киши иштирокида генетик тадқиқот ўтказиб, шу хулосага келишгани айтилади.

Америкалик олимлар, умуман олганда, спиртли ичимликларга мунтазам «тортувчи» 18 та генетик комбинацияни аниқлашди. Аммо шулардан фақат бештасигина «маиший ичкиликбозлик» ва алкоголизм учун умумий бўлиб чиқди. Бу деганики, мана шу беш хил ген комбинациясига эга инсон ичкиликка бўлган рўйхушлигига мутлақо қарши чиқа олмайди, оддий айтганда, ичкиликсиз яшолмайди, ғарб атамашунослигида бунинг отини — «alcohol use disorder» (AUD) дейишади. Қолган саккиз генетик комбинация фақат ичкиликбозлик, бештаси AUD билан чамбарчас боғланган.

— Тадқиқотимиз бу икки ҳолатнинг бошқа-бошқа нарсалар эканини кўрсатди, — таъкидлади илмий иш етакчи муаллифи, тиббиёт фанлари доктори Генри Р.Кранцлер. — Фақат AUD билан боғланган генетик комбинацияларга диққатимизни жамлаб, келгусида биз алкоголизм ривожланиши хавфи юқори одамларни аниқлай оламиз ва улар учун дори воситалари чиқара оламиз.

Тадқиқот турли ирқ вакилларини қамраб олсада, натижаси бир хил чиқди.

Эътиборли жиҳати, алкоголни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш юрак ишемик касалликларининг энг қуйи рискини уйғотиши мумкин, диабетнинг иккинчи тоифаси пайдо бўлиши эҳтимолини туғдиради, бироқ, барибир умумий саломатлик учун зиён келтиради. Алкоголизм эса интеллектнинг сусайиши, уйқусизлик, аксарият руҳий зўриқиш хасталиклари келиб чиқишининг тўғридан-тўғри «ўчоғи»дир.

Манба: xabar.uz

Дўстларингизга улашинг: