Стероидларнинг зарари ҳақидаги гап-сўзлар ростми?

«Дарё» колумнисти Сарвар Ғаниев ёш йигитлар орасида танасини атлет ҳолатига келтириш учун урфга кирган анаболик стероидлар ҳақида фикр юритади ҳамда унинг зарарли жиҳатлари ҳақида юрадиган гап-сўзларга ойдинлик киритади.

Фото: expfit.ru

Мақола бошида мен спортда маълум натижаларга эришиш учун фармацевтик препаратлардан фойдаланишга тарафдор ҳам, қораловчи ҳам эмаслигимни айтиб қўймоқчиман. Бундан ташқари, қуйида келтирилган материал фармацевтик препаратларнинг антипропагандаси ҳисобланмайди. Ўрин босувчи гормонал препаратларнинг касалликларни даволаш учун тиббий мақсадларда қўлланилишига қаршилигим йўқ.

Қарор қабул қилиш ҳар бир кишининг ўз қўлида. Ҳар кимнинг таҳлил қилиш учун ўз мияси бор. Таҳлил қилиш учун эса бу мавзудаги фактларни келтириб ўтмоқчиман. «Бошқалар алкоголь ичиб, сигарет чекиб, наркотиклар қабул қиляпти. Мен соғлиғим учун, кўркам бўлиш учун буларни қабул қиляпман-ку», — дейиш нодонликдир. Мақола давомида буни илмий жиҳатдан исботлаб бераман.

Анаболик стероидлар ўсмирлар орасида ҳам кенг қўлланилаётгани мени ташвишга солаётган ҳолатдир. Улар тез таъсир кўрсатади, чиройли қоматга эга бўласиз. Лекин бу формани кейинчалик литрлаб кўз ёшлари билан ювишга тўғри келади. Бу ҳақда уни қўллаб кўрганлар камдан-кам гапиради. Чунки ўзлари йўл қўйган хатони тан олишни хоҳлашмайди. Стероидлар фойдали ва организм учун керак. Айниқса гормонал тизим энди шаклланаётган ўсмирлар учун. Стероидлар витаминлар кабу нарса, уларнинг зиёни йўқ деб жар солиш мумкин. Лекин андрогенлар ва анаболикларнинг ўлимга олиб келиши ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ. Зарари бор, лекин ўлимга олиб келмайди.

Гипоталамус–гипофиз–мояклар ўртасида боғланган тизим мавжуд. Барча гормонлар синтези қайтар механизм асосида бошқарилиб туради. Гипаталамусдан гонодотропин релизинг гормонлари (GnRG) орқали гипофизнинг олдинги бўлагида лютеинловчи гормон (LG) ва фолликула стимулловчи гормонлар (FSG) синтезланишини бошқариб туради. Улар эса, ўз навбатида, тестестерон синтези ва сперматозоидлар шаклланишини назорат қилади. Тестестерон қайтар механизм туфайли LG, FSG ва гипоталамусдан ажраладиган гонодотропин релизинг гормонларининг синтезини ингибирлайди, яъни тўхтатади.

Агар организм ўсмир 16 ёшда бўлса ва бу система энди шаклланаётган бўлсачи? Тасаввур қиламиз, биз организмга тестестероннинг аналогларини киритдик ва улар LG ва FSG’ларнинг табиий ажралиб чиқишини тўхтатади. Содда қилиб айтганда, биз организм ўзи ишлаб чиқариши керак бўлган гормонларни ташқаридан киритиб, организмни дангаса қилиб қўямиз. Демак, қанчадир вақт ўтгандан сўнг бу без, аъзонинг организмга кераги бўлмай қолади. Чунки унга керакли гормон ташқаридан кириб турибди. Энду бу органлар ёки безлар керакли ўлчамларгача катталашмайди ва атрофияга учраб кетади ва бу йигит бутун умр шу гормонларни қабул қилишга маҳкум бўлиб қолади. Яна бир муаммо — ҳар қандай стероид гормонлар ўсиш зонасини бекитади. Стероид гормонларни асоссиз қабул қилган йигитларда нафақат бўй, балки жинсий олат ҳам ўсишдан тўхтайди.

Яна бир гап: ўсиш учун ўзбошимчалик билан гормонларни қўлламанг. Бу авваламбор хавфли ва мантиқсиз. Тестестерон қабул қиладиган эркакларда простата бези ўсмаси хавфи ортиши исботланган. Ўсмирлигидан бошлаб уларни қабул қилаётганларда эса бу кўрсаткич бир неча баробар кўтарилиб кетади.

Энди кўп гапирилмайдиган миянинг шаклланиши ҳақида гаплашамиз. У бутун умр давомида шаклланиб боради. Бизни эса мия пўстлигининг перефронтал қисми шаклланишининг тугаш вақти қизиқтиради. Охирги маълумотларга кўра, у 24–25 ёшгача шаклланиб бўлади.

Бу бўлак диққат, мулоҳаза қилиш, ўзини тутиш, эмоциялар, танқидий фикрлаш ва режалаштиришга жавоб беради. Агар биз шу зонани шаклланишига қўйиб бермасак нима бўлади? Тўғри, юқоридаги функцияларни бажарадиган мия бўлаги «ишдан чиқади». Бунинг асорати эса йигитча умрининг охиригача давом этади. Андрогенлар тўғридан-тўғри перефронтал пўстлоққа таъсир кўрсатмайди, чунки у ерда эстродиол ва тестестеран учун рецепторлар йўқ. Лекин бу зона андроген рецепторлари мўл бўлган медиал гипоталамус билан боғланган. Ўртадаги алоқани бузиш орқали сиз кележакда ўзнингизга кўплаб муаммоларни орттириб оласиз. Андрогенлар курсини врач кўрсатмасисиз, ўзбошимчалик билан қабул қилиш ўта хавфли. Ўзи ким айтди стероидлар хавфсиз деб? Расмга қараймиз, бу ерда барча ножўя таъсирлари чиройли қилиб берилган.

Фармацевтик препаратларни профессионал спортда юқори натижаларга эришиш мақсадида қўлланилди деб оқлаш мумкиндир. Лекин кундалик ҳаётда «ўзи учун» спорт билан шуғулланаётган, гормонал тизими билан боғлиқ муаммолари бўлмаган ёшларнинг икки-учта чиройли расм учун асоссиз равишда гормонал препаратларни қабул қилишларини оқламайман. Соғлик, гормонал тизим бебаҳо, айниқса ўғил бола учун. Уни асраш керак. Актив спорт ва фитнес профессионал бўлмаган инсон учун вақтинчалик машғулот эканлигини ҳисобга олсак, вақтинчалик шуҳрат учун анаболик стероидларни қабул қилиб, ўз соғлиғига зарар келтириб, қариш жараёнини тезлаштириш ақли ноқиснинг иши эканлигини англаш мумкин. Улар ўртасида кенг тарқалган шундай миф бор: курсдан кейин осма дори олиб қонимни ювиб ташласам зарари бўлмайди. Йўқ. Ундай эмас. Бу гормонлар ҳужайра даражасида таъсир қилади. Сиз вена орқали литрлаб инфузия қуйиш билан фақатгина қон томирлар ичида айланиб юрадиган суюқлик ҳажмини ошириб берасиз. Ҳеч қандай дори қабул қилинган гормонларни танада ювиб чиқиб кетмайди.

Андрогенлар ва анаболик стероидларни қўллайдиган инсонлар сони йил сайин геометрик прогрессия кўринишида ортиб бормоқда. Бунинг сабаби эса оддий дангасаликдир. Кўркам танага қисқа вақт ичида эга бўлиш хоҳиши. Соғлиқ ҳақида унутиб тезроқ атлет формасини олишга шошилишади. Бу аҳмоқона иш. Яна бир сабаби «ёки сен кучли бўлиб ҳаммани бошқарасан, ёки бутун умр лапашанг бўлиб қоласан» деган фикр. Соғлигинингизни хавф остида қўйиб, бу нотўғри фикрга қўшилишингизга арзийдими? Йўқ, арзимайди. Тўғри, кутиш ҳеч кимга ёқмайди, лекин кутиш керак. Ақлингизни йиғинг. Ишонинг, соғлиқ билан боғлиқ муаммоларингиз бошланганда, бепушт тамғаси урилганда ташқи кўриниш, чиройли мускуллар бир чеккага чиқиб қолади. Физик форма информацион асрда иккинчи планга ўтиб бўлди. Буни тан олинг, ўқинг, ўз устингизда ишланг, спорт билан шуғилланинг, лекин анаболик стероидларсиз.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.

Дўстларингизга улашинг: