Мамлакатимиз бўйлаб фаол юриш ва гимнастрада тадбирлари ташкил этилди

Соғлом турмуш тарзига мунтазам равишда амал қилиш турли хасталиклардан ҳоли, соғлом ва бахтли яшаш омилидир. Шундан келиб чиққан ҳолда жорий йил 6 апрель, шанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Соғлом ҳаётга қадам ташла” шиори остида Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан 5 километр масофага фаол юриш ва гимнастрада тадбирлари мамлакат бўйлаб ташкил этилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Фаол юришнинг фойдали эканлиги барчамизга маълум. Яъни, фаол юриш орқали юрак қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олган бўламиз. Муҳими, юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайидир. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ, ижобий таъсири эса жуда юқори.

Гимнастрада ҳам саломатлик учун фойдали бўлиб, унда гуруҳ-гуруҳ бўлиб енгил гимнастика машқлари бажарилади. Натижада, мушак тизими мустаҳкамланади, бўғимлар ҳаракати яхшиланади. Бундан ташқари, куч, тезлик ва чидамлиликни тарбиялайди. Соғломлаштирувчи таъсир кучига эга машқлар туфайли қоматнинг тик ва тўғри ривожланиши таъминланади.

– Ушбу оммавий тадбирлар доирасида “Очиқ эшиклар куни” ҳам ташкил этилиб, мурожаат қилган беморларга республика, вилоят, туман ва шаҳар тиббиёт муассасалари шифокорлари томонидан бепул ва малакали  тиббий маслаҳатлар берилди, –  дейди Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова. – Туман ва шаҳарларда жойлашган марказий хиёбонлар, супермаркетларда жадвал асосида икки соат давомида “Саломатлик майдончалари” ҳам ташкил қилиниб, унда антропометрик ўлчовлар, саволнома ва махсус текширувлар асосида ноинфекцион касалликларни келтириб чиқарувчи хавф омиллари аниқланиб, тиббий маслаҳатлар берилди. Аҳамиятли томони, эндиликда “Очиқ эшиклар куни”, “Саломатлик майдончалари” ҳамда “Соғлом овқатланиш ярмаркалари”га  мос равишда ҳар ҳафтанинг чоршанба, пайшанба ва жума кунлари ташкил этиб борилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган ушбу оммавий тадбирларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва филиаллари, республика ва вилоят тиббиёт муассасалари ҳамда ҳудудлардаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари, тиббиёт олий ўқув юртлари ва коллежлар талабалари иштирок этишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йил март ойи давомида, ҳафтанинг ҳар шанбасида Юриш куни, Юриш бўйича марафон куни, “Саломатлик сари қадам” куни ҳамда Велосипедда сайр куни каби оммавий тадбирлар мамлакатнинг барча ҳудудларида ўтказилганди.

Манба: kun.uz

Дўстларингизга улашинг: