Ўзбеклар дунёда энг носоғлом овқатланувчи миллатлардан экан

Ўзбекистонликлар дунёда энг носоғлом овқатланадиган халқлардан бўлиб чиқди. Кундалик овқатланиш билан боғлиқ касалликлар ва улар сабаб бўлаëтган ўлим сони бўйича дунëнинг 195 давлатида ўтказилган илмий тадқиқот хулосасига кўра¸ бундай ўлим сони бўйича Ўзбекистон дунëда биринчи ўринда турар экан.

Фото: yandex.com

Исроилликлар соғлом (сифатли) овқатланиш бўйича дунёда пешқадам. Ундан кейинги аҳволи дурустроқлар французлар, испанлар ва японлар.

Бу нега муҳим: тадқиқотга кўра йилига ҳар 100 минг ўзбекистонликдан 892 нафари носоғлом овқатланиш билан боғлиқ юрак-қон томир¸ саратон ва диабет 2 каби касалликлар туфайли ҳаëтдан кўз юммоқда.

Чекишдан кўра носоғлом овқатланиш сабабли кўпроқ одам ўлади

Нотўғри овқатланиш сабабли йилига дунёда 11 миллион одам барвақт ҳаётдан кўз юмади. Бу ҳақда нуфузли тадқиқотда келтирилади. Олимларнинг таъкидлашича, нотўғри овқатланиш одамлар ҳаётига чекишдан кўра кўпроқ зомин бўлади. Чекиш сабабли йилига ўртача 8 миллион одам ўлади.

Нимани емасликдан кўра нимани ейишни билиш муҳимроқ

Овқатланиш билан боғлиқ ўлимнинг асосий сабаби фастфуд эмас экан. Ундан ҳам муҳимроқ фактор макро ва микро озуқаларга тўйинган таомларни кам истеъмол қилиш бўлиб чиқаяпти. Шунинг учун ҳам тадқиқотчилар овқатланишда сабзавотлар, мева, ёнғоқ, дуккаклиларни кўпроқ ейишни тарғиб қилишга чақирмоқда.

Тадқиқотда фойдали ва унчалик ҳам фойдали бўлмаган 15 турдаги озиқ-овқатлар ўрганилган. Кўп миқдорда туз, оз миқдорда дуккаклилар, мева-сабзавот ва омега-3 ёғлари истеъмол қилиш риск фактор сифатида олинган.

Шунингдек, кўп миқдорда қайта ишланган гўшт, шакарли ичимликлар, оз миқдорда сут ва кўкат истеъмол қилиш ҳам риск фактор сифатида ўрганилган.

Шакар, трансёғлар соғлиқ учун зарарли экани айни ҳақиқат, бироқ кундалик рационимизда фойдали егуликларнинг йўқлиги ўлимга кўпроқ сабаб бўлади.

Овқатланиш билан боғлиқ касалликлар орасида инфаркт, инсульт ўлимга кўпроқ сабаб бўлади. Ундан кейинги ўринларда саратон ва 2-тур қандли диабет туради.

Тадқиқотнинг кўрсатишича, соғлом овқатланиш дунё бўйлаб ҳар беш ўлимдан биттасининг олдини олишга ёрдам беради. Овқатланиш рациони турли минтақаларда турлича бўлса ҳам, ҳамма жойда кам мева-сабзавот ва кўп туз истеъмол қилиш овқатланиш билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг ярмига сабаб бўлади:

  • Меъёрдан ортиқ туз истеъмол қилиш – 3 миллион ўлим.
  • Донли маҳсулотларнинг етишмаслиги – 3 миллион ўлим.
  • Етарли даражада мева емаслик – 2 миллион ўлим.

«Одамларни шакар, туз ва ёғни камайтиришга ундаб келинди. Ҳолбуки, уларга соғлом вариантларни таклиф қилиш керак», – дейди тадқиқотчилар.

“Умуман олганда одамлар алмаштиришга йўқ дейишмайди. Агар улар бир нарсани кўпроқ еса, бошқа нарсани камайтиришади”, – дейди тадқиқот муаллифларидан Ашкан Афшин.

Унинг айтишича, мева, сабзавот, ёнғоқ ва дуккаклилар истеъмол қилиш бўйича юқори ўринда турувчи Ўрта денгиз давлатлари, Ливан, Исроил ва Эрон яхши кўрсаткич қайд этган. Аммо бирорта ҳам давлат аҳолисининг рациони рисоладагидек эмас.

Дўстларингизга улашинг: