45 ёшдан ошган аҳоли орасида қандли диабет скрининги йўлга қўйилмоқда

Ўзбекистонда мустақиллик йиллари аҳолига тиббий, хусусан, эндокринологик хизмат кўрсатиш соҳасида катта ўзгаришлар амалга оширилди.

Фото: UzA.uz

Эндокринология соҳасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш соғлиқни сақлаш тизимида алоҳида ўрин тутади. Чунки эндокрин касалликлар кўп ҳолларда сурункали кечади ва катта маблағ талаб қилади. Юқори ногиронлик ва ўлим кўрсаткичларига олиб келади.

Статистик маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 425 млн нафарида қандли диабет холатлари қайд қилинган экан. Аммо касалланган беморлар сони тахминан реал ҳолатда 2 баробар кўпни ташкил этади. Шу билан бирга, касалланиш кўрсаткичлари ҳар йили 5-7 фоизга ошиб боради.

Халқаро диабет федерациясининг берган маълумотига кўра, 2045 йилга келиб дунё бўйлаб 629 миллион нафар инсон қандли диабетдан азият чекар экан. Ушбу касаллик давосиз бўлиб, у турли хил асоратларни, жумладан, кўрлик, сурункали буйрак етишмовчилиги, оёқлардаги жароҳатсиз ампутациялар келтириб чиқаради. Шунингдек, қандли диабет беморларда миокард инфаркти ва инсультларни 2-4 маротабага ортиши, 10 тадан 8 нафар беморларда юрак қон томир касалликларидан вафот этишигача олиб келади.

Айни пайтда Ўзбекистонда 230 минг нафардан зиёд қандли диабет билан оғриган беморлари рўйхатга олинган. Уларнинг 18 минг нафардан зиёдини ушбу касалликнинг 1 тури, 2000 нафардан ортиғини болалар, 920 нафарини ўсмирлар ва 210 мингдан зиёдини қандли диабетнинг 2 тури чалинганлар ташкил қилади. Бугунги кунда республикамизда ушбу гуруҳ беморларнинг 100 фоизи инсулин билан тўлиқ давлат томонидан таъминланмоқда. Қандли диабет касаллигининг 2 турини олдини олишда энг аввало, инсоннинг тиббий маданияти ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Чунки овқатланиш маданиятига риоя этмаслик, ортиқча вазн, кам ҳаракатлилик ва қон босимининг юқорилиги сабаб ҳам турли ушбу касалликлар юзага келади.

Эндокрин касалликларни эрта ташхислаш ва даволаш мониторингини ўтказиш учун барча вилоят эндокринологик диспансерларни ўз вақтида узлуксиз равишда зарур реактивлар, хусусан гликирланган гемоглабин ва қалқонсимон без гармонлари реактивлари билан таъминлаш йўлга қўйилди. Қандли диабет 1 тур болалар ва ўсмирларни анолог инсулинлар, инсулин юбориш учун махсус мосламалар (инсулин шприц-ручкалари) ва ўз-ўзини назорат қилиш воситалари билан тўлиқ таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

 Латофат ЮСУБОВА

“Инсон ва қонун” мухбири 

Дўстларингизга улашинг: