«ЭКО» амалиёти нима?

Фото: mindnbody25.wordpress.com

«Аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун — энг кутилган қонунлардан бири бўлди. Негаки, Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатларида она ва бола саломатлиги муҳофазаси алоҳида бобларда қайд этилган бўлсада, лекин бу қадар кенг, бобма-боб тушунтирилган ҳужжат мавжуд эмас эди.

Ушбу қонунда репродуктив саломатликнинг кўплаб йўналишлари белгиланиб, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қайд этилган. Аёллар ва эркаклар, шунингдек, вояга етмаган шахсларнинг репродуктив ҳуқуқлари масалаларига аниқлик киритилган.

Репродуктив саломатлик ҳақида инсон дунёга келиши билан қайғуриш лозим. Дейлик, чақалоқнинг репродуктив органларида патология йўқлигига амин бўлиш учун у текширувдан ўтказилади. Бола мунтазам текширувда бўлиши керак, айниқса, балоғат ёшига тўлганида. Чунки бу вақтда организмда ўзгаришлар юз беради ва бунда репродуктив функцияларда илк бузилишлар намоён бўла бошлайди.

Давлат раҳбари томонидан имзоланган ушбу қонунда шунингдек, иккита нозик мавзу кўтарилган: бу ҳомилани сунъий равишда тўхтатиш, контрацепция масалалари мавзуси ҳамда ёрдамчи репродуктив технологиялар масаласи.

Эндиликда фарзандни дунёга келтиришга тайёр бўлмаган аёл розилиги ва талаби билан ҳомиладорликни 12 ҳафталиккача бўлган муддатда тўхтатса бўлади. Белгиланган вақтдан кейин ҳомилани фақатгина тиббий кўрсатмалар асосида сунъий равишда тўхтатиш мумкин.

Шунингдек, қонунда ёрдамчи репродуктив технологиялар масаласи (ЭКО)га алоҳида урғу берилган.

Айни вақтда сунъий уруғлантириш тизимини йўлга қўйиш учун Соғлиқни сақлаш вазирининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари бошчилигида катта ишчи комиссиясини ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда.

Барча техник регламентлар ва юридик масалалар тасдиқлангач, «пробиркадан» бола олиш амалиёти Ўзбекистондаги давлатга қарашли махсус марказларда бепул амалга оширилиши айтил-  моқда.

Ушбу тизим, йил охиридан бошлаб амалиётга жорий этилиши мумкин. Айтганча, «ЭКО» амалиётидан фойдаланганлар шахси қатъий сир сақланади.

Дўстларингизга улашинг: