Аёлни ҳомиладорликка, ундан сақланишга ёки аборт қилдиришга мажбурлаш мумкин эмас

Баъзи оилаларда турли сабабларга кўра бефарзандлик кузатилиши мумкин. Шу ўринда савол туғилади: бугунги кунда бепуштликнинг давоси борми? Ёки янги технологиялар ёрдамида ота-оналик бахтига эришиш мумкинми?

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 12 мартда кучга кирган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонуни оила саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Қонун билан жорий этилган янгиликлар борасида Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Зайниддин НИЗОМХЎЖАЕВ тарофлича маълумот берди.

– Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналашларидан бири, – дейди сенатор. – Шу мақсадда тиббиёт соҳаси тубдан такомиллаштирилмоқда, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди.

Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, дунёда репродуктив ёшдаги жуфтликлар орасида бепуштликнинг тарқалиши ўртача 13-15 фоизни ташкил этади. Бундай ҳолат юртимизга ҳам тааллуқли бўлиб, эркак ёки аёлнинг бепуштлиги сабабли республикамизда 5 фоиз никоҳ оилавий ажрим билан якунланмоқда. Шунинг учун ҳам оилавий турмушни сақлашда ёрдамчи репродуктив технологияларни қўллаш давр талабидир. “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонун айнан шу мақсадларни кўзда тутади.

Унда оилада соғлом фарзанд туғилишига нисбатан онгли ва масъулиятли муносабатни шакллантириш алоҳида ўрин олган. Фуқароларга репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириши учун тиббий-ижтимоий, психологик ёрдам кўрсатиш, эркаклар ва аёлларнинг бу борадаги имкониятлари тенглигини таъминлайдиган шароитларни яратишга урғу берилган. Шу билан бирга ушбу сиёсатни амалга ошириш жараёнида фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашмаслик, уларнинг шахсий ва оилавий сирларини тарқатмаслик, икки ёшнинг соғлом оилани шакллантириш тўғрисидаги қарорини камситмасдан ҳеч қандай зўравонликсиз қабул қилиш, уларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами бепул кўрсатилиши кафолатланади.

– Контрацепция ва ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш қандай тартибда амалга оширилади?

– Фуқаролар туғилишни тартибга солишнинг хавфсиз усулларидан ҳамда контрацепция ва ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланишлари мумкин. Бу жараёнда юридик ва жисмоний шахслар уларнинг репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ ахборотни сир сақлаши шарт.

Шу билан бирга аёлнинг ўзи бир қарорга келиши керак. Уни ҳомиладорликка ёки ҳомиласини сунъий равишда тўхтатишга ва контрацепция воситаларидан фойдаланишга мажбур қилиш мумкин эмас.

Қолаверса, фарзандли бўлишга ёрдам берувчи репродуктив технологиялардан фақат қонуний никоҳ қурган шахсларнинг фойдаланиш ҳуқуқи қонунда қатъий белгиланади. Ушбу технологиядан фойдаланганда бўлғуси фарзанднинг жинсини танлашга йўл қўйилмайди.

Мазкур технология ёрдамида одамнинг жинсий ҳужайралари, эмбрионларидан ва репродуктив аъзоларининг тўқималаридан ҳарбий, саноат ва тижорат мақсадларида фойдаланиш қатъий тақиқланади.

Фуқароларга ўзларининг репродуктив саломатлигини сақлашда контрацепция усулларидан фойдаланиш, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш, ёрдамчи репродуктив технологияларни қўллашда шифокорлик сири ва ахборотнинг махфийлигини сақлаган ҳолда олиб борилади. Жумладан, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш аёлнинг хоҳишига кўра ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида амалга оширилиши керак. Агар унинг ҳаётига хавф солувчи кўрсатмалар мавжуд бўлса ҳомиладорлик муддатидан қатъий назар ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш амалга оширилади.

– Аёлларнинг она бўлиш ҳуқуқи, уларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича қонунда қандай меъёрлар белгиланган?

– Ҳар бир аёл она бўлиш, репродуктив саломатлигини сақлаш учун даволашнинг замонавий усулларидан фойдаланиш ҳамда давлат томонидан ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга. Зарур бўлганда ҳомиладорлик давридаги тиббий аралашув эр ва хотиннинг ёзма розилиги билан, эри бўлмаган тақдирда аёлнинг ўз розилиги ёки ота-онасининг розилиги ёхуд у вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда бошқа қонуний вакилларининг розилиги билан амалга оширилади.

Тиббий аралашувни рад этиш факти эҳтимолдаги оқибатлар кўрсатилган ҳолда тиббий ҳужжатларда қайд этилади. Ҳомиладор аёл томонидан, бунинг имкони бўлмаган тақдирда, унинг эри ёки қариндошлари томонидан ёзма тарзда, тиббий аралашувни рад этиш ҳақида ёзма жавоб олишнинг имкони бўлмаган ҳолда эса шифокорлар кенгашининг (консилиумининг) хулосаси билан тасдиқланади. Аёл ҳомиладорликка, уни сунъий равишда тўхтатишга ва бўйида бўлишдан сақланишга мажбур қилиниши мумкин эмас.

– Эркакларнинг репродуктив саломатлиги борасида ҳам янгиликлар борми?

– Албатта, эркакларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш масалалари қонунга алоҳида модда билан киритилган. Улар ўзининг репродуктив саломатлиги, бепуштликни даволаш услублари ва контрацепция тўғрисида ишончли ҳамда тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Фуқаролар репродуктив саломатликни сақлаш соҳасидаги хизматлардан, янги тиббий, жумладан, ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланган ҳолда бепуштликни даволаш, насл қолдириш масалалари юзасидан махфийликка риоя этилган ҳолда тиббий маслаҳатлар ва хизматлар олиш ҳуқуқига эгадирлар. Жуфтликларга соғлиғининг ҳолати, ёши ва организмининг хусусиятларини ҳисобга олиб, ҳар хил эҳтимолий оқибатлар ҳақида огоҳлантирилган ҳолда контрацепция усулларини танлаш бўйича тиббий ёрдам кўрсатилади.

Контрацепциянинг жарроҳлик усулидан ихтиёрий равишда фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд. Бу усул фақат олдиндан хабардор этилган тарзда ҳамда вояга етган, муомалага лаёқатли фуқаронинг ёки эр-хотиннинг ёхуд фуқаро муомалага лаёқатсиз бўлса, васийларининг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Шу билан бирга, ушбу ҳужжатда вояга етмаган шахсларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш борасида ҳам сўз юритилган. Жумладан, жинсий тарбия ва уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.

Қонун репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, аҳоли орасида бепуштликнинг олдини олиш ва уни даволаш соҳасидаги жамоат муносабатларини тартибга солиш, бунинг натижасида эса тўкис ва бахтли оилаларни кўпайтиришга қаратилган.

Жонибек МАЪРУПОВ суҳбатлашди,

ЎзА.

Дўстларингизга улашинг: