Эльмира Баситханова: «Республикада яна қизамиққа чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда»

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова «Sputnik»га берган интервьюсида республикада кенг тарқалган касалликлар ҳақида гапириб берди, шунингдек, нега орадан ўн йилликлар ўтгач, яна қизамиққа чалиниш ҳолатлари аниқланаётганини тушунтирди.

Фото: Uz24.uz

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланган бўлиб, ушбу ҳужжат доирасида фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда ўта хавфли вируслар ва касалликларга қарши курашга катта эътибор қаратилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, бугунги кунда республикада болалар орасида юқумли касалликлар ва нафас йўли билан боғлиқ муаммоларга қарши кураш муҳим тадбирлардан бири саналади. Бундан ташқари, орадан йиллар ўтиб, республикада яна қизамиққа чалиниш ҳолатлари қайд этилган.

«Аҳоли вакцинацияси ва иммунизацияси туфайли Ўзбекистонда кўп йиллар давомида хавфли касалликлар учрамай қўйган эди. Мисол учун, полиомиелит ва гепатит В ҳолатлари қайд этилмаган. Фақат «гепатит А»га барҳам беришга муваффақ бўлмадик. Чунки у ўша вақтда миллий дастурга киритилмаган, эмлаш ишлари эса асосан хусусий клиникаларда амалга оширилган. Лекин биз бугунги кунда бу муаммога қарши курашаяпмиз. Қизамиққа чалиниш ҳолати узоқ вақт кузатилмаган эди, аммо бугун у яна бўй кўрсатмоқда, бу эмланмаганлар томонидан четдан олиб кирилган юқумли касалликдир. Мана шу ҳолат аҳоли иммунизацияси самарадорлигини навбатдаги бор исботламоқда», — дея изоҳлади врач.

Дўстларингизга улашинг: