Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисида янги қонун имзоланди 

Ўзбекистон Республикаси президенти “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 15 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 28 февралда маъқулланган.

Фото: uzssgzt.uz

Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги инсоннинг жисмоний, ақлий ва ижтимоий жиҳатдан соғломлиги ҳолати бўлиб, бу ҳолат унинг бола туғилишига қодирлигини белгилайдиган репродуктив тизими, ушбу тизимнинг функциялари, ҳаётий жараёнлари билан боғлиқ бўлади.

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш:

фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисида ишончли ва тўлиқ ахборот олишни;

ҳомиладорликни сақлаб юришни ва боланинг асоратларсиз ҳамда нуқсонларсиз туғилишини таъминлайдиган, ҳомиладорлик, туғиш ва туғишдан кейинги даврдаги тадбирлар, муолажалар ҳамда хизматларни;

репродуктив тизим касалликларининг олдини олишни ва уларни даволашни;

жинсий йўл билан ўтадиган касалликларнинг олдини олишни ва уларни даволашни;

эҳтимолдаги асоратларнинг ва репродуктив тизим функциялари бузилиши оқибатларининг олдини олишга кўмаклашган ҳолда ҳомиладорликни хавфсиз равишда сунъий тўхтатишни;

контрацепция усуллари ва улардан фойдаланиш тўғрисида ахборот олишни назарда тутади.

Ушбу Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

репродуктив муаммоларни ҳал қилишда инсонпарварлик;

репродуктив саломатликни сақлаш соҳасида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги;

фуқаронинг шахсий ҳаётига аралашмаслик, шахсий ва оилавий сирнинг сақланиши;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги тиббий хизматлардан фойдаланишни таъминлаш ва уларнинг сифати;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича хизматларнинг давлат томонидан кафолатланган ҳажмини таъминлаш.

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш;

фуқароларда соғлом фарзандлар туғилишига нисбатан онгли ва масъулиятли муносабатни тарбиялаш;

эркаклар ва аёлларнинг ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга оширишида уларнинг имкониятлари тенглигини таъминлайдиган шароитларни яратиш;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини яхшилаш соҳасидаги илмий тадқиқотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, замонавий услублар ва технологияларни жорий этиш;

фуқароларнинг репродуктив саломатлик соҳасидаги тиббий билимларини ва тиббий маданиятини юксалтириш;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

фуқаролар ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириши учун уларга тиббий-ижтимоий, шунингдек психологик ёрдам кўрсатиш.

Давлат фуқароларга:

репродуктив саломатликнинг сақланишини ва уларнинг репродуктив ҳуқуқлари амалга оширилишини;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлашга доир хизматлардан фойдаланиши ва бу хизматларнинг изчиллиги таъминланишини;

соғлом оилани шакллантириш тўғрисидаги қарорнинг камситишларсиз, таҳдидларсиз ва зўравонликсиз қабул қилинишини;

уларнинг шахсий ҳаётига аралашмасликни, шахсий ва оилавий сирнинг сақланишини;

бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг бепуллигини;

фуқароларнинг мустақил қарор қабул қилишга бўлган репродуктив ҳуқуқи амалга оширилишини кафолатлайди.

Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлашга доир хизматлар репродуктив саломатликни сақлаш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилишини, тасдиқланишини ва амалга оширилишини таъминлайди;

давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича давлат томонидан кафолатланган хизматларнинг ҳажмини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш бўйича давлат томонидан кафолатланган хизматларнинг ҳажмини белгилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва киритади;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни таъминлайди;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш ва ҳимоя қилиш тизимини ривожлантиришга ҳамда репродуктив саломатликни сақлаш бўйича хизматлар кўрсатишга доир чора-тадбирларни белгилайди;

репродуктив саломатликни сақлаш соҳасида фуқароларнинг тиббий билимларини ва тиббий маданиятини юксалтириш юзасидан тушунтириш ишларини олиб боради;

ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш тартибини, кафолатланган хизматлар, уларни қўллашга доир кўрсатмалар, монеликлар ва чекловларнинг рўйхатини тасдиқлайди;

ёрдамчи репродуктив технологиялар усулларини қўлловчи тиббиёт ташкилотларининг фаолиятини тартибга солади ва назорат қилади;

ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатишни амалга ошириш тартиби ва шартларини, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш учун тиббий кўрсатмалар рўйхатини белгилайди;

жарроҳлик контрацепциясини амалга ошириш тартиби ва шартларини белгилайди.

Фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хавфсиз ва самарали репродуктив технологиялардан фойдаланган ҳолда ўз фарзандларининг туғилиши хусусида мустақил равишда қарорлар қабул қилиш;

ўзининг репродуктив саломатлиги тўғрисида ишончли ва тўлиқ ахборот олиш;

туғилишни тартибга солишнинг хавфсиз усулларидан ва контрацепциядан фойдаланиш;

тиббий-профилактика хизматларидан фойдаланиш ва соғлиққа хавф солувчи воситалардан, шу жумладан илмий тажрибалар қўлланилишидан ҳимояланиш;

ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириш чоғида тиббий-ижтимоий, шунингдек психологик ёрдам ва ахборот олиш;

ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш.

Юридик ва жисмоний шахслар фуқароларнинг ўз репродуктив ҳуқуқларини амалга ошириши билан боғлиқ ахборотни сир сақлаши шарт.

Аёлларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:

ўзининг репродуктив саломатлиги, бепуштликни даволаш услублари ва контрацепция тўғрисида ишончли ҳамда тўлиқ ахборот олиш;

репродуктив саломатликни сақлаш соҳасидаги хизматлардан фойдаланишни таъминлаш;

репродуктив саломатлик масалалари юзасидан махфийликка риоя этилган ҳолда тиббий маслаҳатлар ва хизматлар олиш.

Аёл бепуштликдан даволаниш, репродуктив саломатлигини ҳомиладор бўлгунига қадар, ҳомиладорлик даврида, туғиш ва туғишдан кейинги даврда даволашнинг замонавий услубларидан фойдаланган ҳолда сақлаш ҳамда давлат томонидан ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик давридаги тиббий аралашув эр ва хотиннинг ёзма розилиги билан, эр бўлмаган тақдирда аёлнинг ўз розилиги ёки ота-онасининг розилиги ёхуд у вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда бошқа қонуний вакилларининг розилиги билан амалга оширилади.

Тиббий аралашувни рад этиш факти эҳтимолдаги оқибатлар кўрсатилган ҳолда тиббий ҳужжатларда қайд этилади ва ҳомиладор аёл томонидан, бунинг имкони бўлмаган тақдирда унинг эри ёки қариндошлари томонидан ёзма тарзда, тиббий аралашувни рад этиш ҳақида ёзма жавоб олишнинг имкони бўлмаган тақдирда эса шифокорлар консилиумининг хулосаси билан тасдиқланади.

Аёл ҳомиладорликка, уни сунъий равишда тўхтатишга ва контрацепцияга мажбур қилиниши мумкин эмас.

Эркакларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

ўзининг репродуктив саломатлиги, бепуштликни даволаш услублари ва контрацепция тўғрисида ишончли ҳамда тўлиқ ахборот олиш;

репродуктив саломатликни сақлаш соҳасидаги хизматлардан фойдаланишни таъминлаш;

янги тиббий, шу жумладан ёрдамчи репродуктив технологиялардан, шунингдек кам инвазивли (кам жароҳатлайдиган) аралашувлардан фойдаланган ҳолда бепуштликни даволаш;

репродуктив саломатлик масалалари юзасидан махфийликка риоя этилган ҳолда тиббий маслаҳатлар ва хизматлар олиш.

Вояга етмаган шахсларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш:

тиббий-профилактика тадбирларини, шу жумладан репродуктив аъзолар патологиясини, шунингдек ирсий касалликларни аниқлашга қаратилган тиббий-профилактика тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни;

жинсий тарбия ва уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича тадбирлар ўтказишни;

уларни репродуктив саломатлик масалалари бўйича ўқитиш ва ахборот беришни ўз ичига олади.

Репродуктив саломатлик муаммолари бўйича тиббий аралашув вояга етмаган шахсни, шунингдек унинг қонуний вакилини хабардор этган ҳолда уларнинг ихтиёрий розилиги билан амалга оширилади.

Вояга етмаган шахснинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш учун тиббий аралашув тавсия этилган тақдирда ҳамда қонуний вакилдан ва вояга етмаган шахсдан розилик олишнинг имкони бўлмаганда, тиббий аралашув шифокорлар консилиумининг хулосаси мавжуд бўлганда амалга оширилади.

Вояга етмаган шахсларни репродуктив саломатликни сақлаш масалалари бўйича тарбиялаш, ўқитиш ҳамда уларга ахборот бериш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш тегишинча оилада, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида амалга оширилади.

Репродуктив саломатлик, шу жумладан жинсий тарбия масалалари бўйича ўқитиш таълимни ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари билан биргаликда вояга етмаган шахсларнинг ёши, психологик ва жисмоний ўзига хосликлари ҳисобга олинган ҳолда, уларнинг оилалари билан яқин ҳамкорликда ишлаб чиқилган, махсус тасдиқланган дастурларга кўра амалга оширилади. Ўқитишга тегишли тиббий тайёргарликка эга бўлган мутахассислар жалб этилади.

Вояга етмаган шахсларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасидаги хизматлар давлат томонидан кафолатланган ва бепул асосда амалга оширилади.

Вояга етмаган шахсларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида ахборот бериш аноним ва махфий тарзда амалга оширилади.

Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисидаги ахборот:

репродуктив саломатликнинг ҳолати ҳақидаги;

репродуктив саломатликни сақлаш бўйича хизматлар олиш шартлари ва усуллари тўғрисидаги;

замонавий контрацепция усуллари, уларнинг афзалликлари ва камчиликлари ҳақидаги;

ёрдамчи репродуктив технологияларни қўллашдаги ҳар қандай психологик ва физиологик оқибатлар, эҳтимолдаги асоратлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисидаги ахборот ишончли ва тўлиқ бўлиши керак.

Ёрдамчи репродуктив технологиялар уруғлантиришнинг айрим ёки барча босқичлари аёлнинг организмидан ташқарида амалга ошириладиган ҳомиладорликка эришишга қаратилган тиббий технологиялар, даволаш усуллари ва муолажаларидан иборатдир.

Ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Фуқаролар контрацепция усулларини танлаш, улардан фойдаланиш, шунингдек уларни рад этиш ҳуқуқига эга.

Фуқароларга соғлиғининг ҳолати, ёши ва индивидуал хусусиятлари ҳисобга олинган ҳамда эҳтимолдаги ҳар қандай номақбул оқибатлар ҳақида огоҳлантирган ҳолда контрацепция усулларини якка тартибда танлаш бўйича тиббий ёрдам кўрсатилади.

Фуқаролар контрацепциянинг жарроҳлик усулидан ихтиёрий равишда фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Контрацепциянинг жарроҳлик усули фақат олдиндан албатта хабардор этилган ҳолда ҳамда вояга етган, муомалага лаёқатли фуқаронинг ёки эр-хотиннинг ёхуд фуқаро муомалага лаёқатсиз бўлса, васийларнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш:

ҳомиладорликнинг ўн икки ҳафтагача бўлган муддатида, аёлнинг хоҳишига кўра;

ҳомиладорнинг ҳаётига хавф солувчи тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлганида ҳомиладорлик муддатидан қатъи назар амалга оширилади.

Тиббиёт муассасалари тиббий кўрсатмаларга кўра ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш тўғрисида ёки ҳомиладорликни тўхтатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган аёлни унинг соғлиғи учун ҳар қандай эҳтимол тутилган салбий оқибатлар ҳақида хабардор этиши шарт.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Манба: kun.uz

Дўстларингизга улашинг: