Фарғонада ҳудудлараро болалар тиббий реабилитация ва физиотерапия маркази ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Репродуктив ёшдаги аёллар ва болаларга тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Мазкур ишлаб чиқиладиган Дастур лойиҳасида болалар ва аёллар аҳолиси учун замонавий, юқори технологик, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда қулай ва сифатли тиббий хизматни таъминлаш мақсадида қуйидагилар ташкил этилиши назарда тутилади:

а) бирламчи тизимда — туман (шаҳар) марказий кўп тармоқли поликлиникаларда болалар бўлими;

б) шифохона тизимида — туман (шаҳар) болалар шифохоналарида бемор болаларга туну-кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиладиган навбатчи бирлиги;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларидаги болалар шошилинч ўрин-жойларини оптималлаштириш ҳисобидан туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология, реанимация ва интенсив терапия бўлимлари;

в) Тошкент шаҳридаги 2-сонли шаҳар болалар жарроҳлик клиник шифохонаси негизида Республика ихтисослаштирилган болалар жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт маркази;

2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларидаги жарроҳлик бўлимлари негизида ҳудудлараро болалар жарроҳлик марказлари.

Белгиланишича, ташкил этиладиган Республика ихтисослаштирилган болалар жарроҳлик илмий-амалий тиббиёт марказининг ўринлар фонди ва штат бирликлари Республика болалар кам инвазив ва эндовизуал хирургия илмий-амалий маркази, Тошкент шаҳар 2-сонли болалар жарроҳлик клиник шифохонаси ва Республика Перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия бўлимини оптималлаштириш ҳисобига ташкил этилади.

г) Тошкент тиббиёт академиясининг 2-сонли клиникаси туғруқ комплексида янги туғилган чақалоқлар реанимация ва интенсив терапияси;

д) Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази ўрнига “Аҳоли репродуктив саломатлиги республика ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот маркази”;

е) Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказининг Болалар реабилитацияси бўлими негизида “Республика болалар тиббий реабилитация ва физиотерапия маркази”;

2021 йил 1 январдан Хоразм ва Самарқанд вилоятларида сурункали касаллиги ва ногиронлиги бўлган болалар учун ҳудудлараро болалар тиббий реабилитация ва физиотерапия марказлари;

2022 йил 1 январдан Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ҳудудлараро болалар тиббий реабилитация ва физиотерапия марказлари;

Белгиланишича, Республика болалар тиббий реабилитация ва физиотерапия марказининг ўринлар фонди ва штат бирликлари Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация маркази ва Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази болалар бўлимини оптималлаштириш ҳисобига ташкил этилади.

Дўстларингизга улашинг: