ОИВга чалинган яна бир бемор даво топди

Британиялик шифокорлар ОИВ билан касалланган беморга суяк илиги кўчириб ўтказганидан сўнг касаллик йўқолганини аниқлади.

Шахсини ошкор қилишни истамаётган эркак 2003 йилда ОИВ билан касалланган бўлиб, 2012 йилда унда қон касаллигининг бир тури — Хожкин лимфомаси аниқланган. 2016 йилда саратон касаллигини даволаш учун шифокорлар, донордан ОИВга чидамли CCR5 ноёб генетик мутациясига эга суяк илиги илдиз ҳужайраларини кўчириб ўтказишга қарор қилган.

Трансплантациядан уч йил, антиретровирус дори-дармонларни қўллаш тўхтатилгандан бир ярим йил ўтгач беморнинг тестлари унинг организмида ОИВ йўқлигини кўрсатди. Аммо, шифокорлардан бири, профессор, ОИВ бўйича мутахассис Равиндра Гупта, бутунлай тикланиш ҳақида гапириш учун жуда эрта эканлигини айтмоқда.

Кўпчилик мутахассисларнинг қайд этишича, бу усул барча беморлар учун эмас. Трансплантация жараёни қиммат ва хавфли бўлиб, бундай мутация жудаям кам одамларда бўлади.

ОИВдан даволанган биринчи одам Тимоти Браундир. Германияда унга ҳам ҳудди шундай CCR5 мутациясига эга ҳужайралар кўчириб ўтказилган. Браун Берлинлик бемор сифатида танилган. Британиялик эркакни эса The Guardian Лондонлик бемор деб атамоқда.

Дўстларингизга улашинг: