Лола Каримова-Тиллаева соғлом нонушта ҳақида сўзлаб берди

Лола Каримова-Тиллаева Instagram’даги саҳифаси орқали севимли нонуштасининг рецепти билан бўлишди.

Фото: Новости Узбекистана

«Бугунги суҳбатимиз мавзуси нонушта ҳақида. Нонушта қилиш қуйидаги сабабларга кўра жуда муҳимдир: Инсон организми уйқудан кейин қайта тикланиши керак; нонушта қилган инсон кун давомида камроқ калория истеъмол қилади; диққат ва хотираси яхшиланади; тана кейинги овқатланиш вақтига қадар тинч ишлайди.

Менинг нонушта пайтида севиб тановул қиладиган овқатим бу кечга увитилган сули ёрмаси, яъни овсянкадир. Бунинг учун хом сули ёрмасини, олма ва тозаланган кунгабоқар ёки қовоқ уруғи, турли ёнғоқлар, сариғ майиз, ва сут (бодом, соя ёки сули ёрмасидан тайёрланган сут) ва майдаланган долчин (корица) керак бўлади.

Бир ярим стакан сули ёрмасига, тўртдан бир стакан писта, тўртдан бир стакан турли ёнғоқ мағизлари керак бўлади. Мен ўз рецептимда тозаланган қовоқ ва кунгабоқар уруғлари, табиий кешю, майдалаб тўғралган яримта катта олма, ва тўртдан бир стакан майиз ишлатаман.

Биринчи қуруқ мевалар аралаштирилади, сўнг олма қўшилади ва аралаштирилгандан кейин чуқур идишга жойлаштирилиб устидан сут қуйилади; бутун аралашма сут билан қопланиши керак. Устидан корица сепсангиз ҳам бўлади.

Мен корицани яхши кўраман, у яллиғланишга қарши яхши восита бўлиб, антиоксидант ҳисобланади; қонда қанд даражасини нормаллаштиради, ва юрак фаолиятига фойдали. Мен тўртдан бир чой қошиқ корица қўшаман.

Бўтқани ёпиқ контейнерда кечқурун музлатгичда қолдираман. Эрталаб эса нонуштам тайёр ва бу вақтимни ҳам тежайди.

Ўзингизга керакли қисмини олиб, қолганини эртасига ҳам қолдиршингиз мумкун. Корица қўшилган сули ёрмаси музлатгичда бир ҳафтагача сақланиши мумкин.

Бу нонуштанинг сири шундаки кечга увитилган хом сули ёрмаси барча фойдали моддаларни ўзида сақлаб қолади ва ошқозондаги яхши бактерияларга озиқа бўлади. Бу бактериялар бахт гормони ҳисобланган серотонинни ишлаб чиқаради.

Шундай қилиб, соғлом нонушта кайфиятингизни кўтариши мумкин. Ёқимли иштаҳа!», — деб ёзади Лола Каримова-Тиллаева.

Манба: daryo.uz

Дўстларингизга улашинг: