Cунъий тухум ҳақиқатдан борми? Уни табиийси билан қандай фарқлаш мумкин?

Ҳар йили дунё миқёсида 600 миллиард дона товуқ тухуми истеъмол қилинади. Уни ишлаб чиқариш ҳажмлари бўйича Хитой, АҚШ ва Ҳиндистон етакчилик қилмоқда. Истеъмол қилиш бўйича эса Мексика пешқадам. Бу ерда 133 миллион аҳолининг ҳар бирига кунига бир яримтадан тухум тўғри келмоқда.

Фото: «politeka.net»

Жаҳонда 3 миллиард одам тўйиб овқат емаяпти, бир миллиарди очлик азобида яшаяпти. Шу сабабли олимларнинг организм учун зарарсиз, бироқ зарур озиқ-овқат маҳсулотларини яратиш бўйича изланишлари изчил давом этмоқда.

Хитой каби аҳоли сони 1,35 миллиард бўлган давлат учун эса сунъий озиқ-овқатлар ишлаб чиқариш соҳаси янгилик эмас. 2005 йилда яратилган сунъий, яъни суррогат тухумлар ҳам шу тизимнинг бир шаклидир.

Хитойдаги битта устахонада кунига мингтагача ана шундай тухум тайёрлаш мумкин. Афсуски, бундай мини-фабрикалар ўн мингларни ташкил қилади. Гарчи унинг савдоси расмий тақиқланган бўлса-да, ҳукумат улар билан қатъий кураш олиб бормаётган кўринади.

Бир қарашда ташқи кўринишидан табиий ва нотабиийси бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Ҳақиқий тухум озиқ моддалари – ёғлар, оқсил, глюкоза, углеводлар, минераллар, кўплаб ферментлар, А, Б, Е, Д витаминларга бой. Одам соғлиғи учун зарарсиз холестерин ҳам бор. Шу сабабли мутахассислар ҳар куни бир дона тухум истеъмоли инсон соғлиғи учун кони фойда эканлигини таъкидлаб келишади.

Аммо сунъий тухумда ҳеч қандай фойдали нарсалар йўқ. Пўстлоғи гипс, кальций ва парафиндан тайёрланади. Ичидаги оқсили ва тухум сариғи пигментлар билан бойитилган желатин ва кальций альгинати қоришмасидан, ноорганик моддалардан шакллантирилади.

Бу каби «ясама санъат намунаси» истеъмоли инсон организмида кутилмаган оқибатлар юзага келтириши мумкин. Шифокорларнинг огоҳлантиришича, уни узоқ вақт истеъмол қилиш асаб тизимини издан чиқаради. Болалар эса ортиқча ҳаракатланиши, ақлий жиҳатдан орқада қолишлари мумкин.

Кимёвий қоришма пигмент ёрдамида сариқ ранг билан бўялади ва шар шаклига келтирилади. Карбонат ангидридлик калийга солинади. Натижада сунъий парда ҳосил бўлиб, тухум сариғи ташқарига чиқиб кетмай, думалоқланиб қолади.

Кейин парафин, карбонат калий ва гипс кукуни аралашмасига буланади ва пўстлоқ ҳосил бўлади. Шу тариқа бир қарашда оддий товуқ тухумидан ҳеч қандай фарқи қолмайди ва ажратиш қийиндир.

Албатта, Ўзбекистонга ҳам у кириб келиши хавфи йўқ эмас. Бироқ Давлат божхона чегараларидан сифатсиз ва инсон саломатлигига зарарли бундай маҳсулотлар кириб келишига йўл қўйилмаяпти.

Шу ўринда ҳар эҳтимолга қарши харидор уларни ажратиб олса бўладиган жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтмоқчимиз. Масалан, тухум сариғи ва оқсили оғирлиги сохтасида бир-биридан фарқ қилмайди.  Чунки улар бир хил моддалардан тайёрланади.

Кимёвий тухумнинг сариғи увадаланмайди, вақт ўтиши билан одатдаги каби ранги сарғаймайди. Аксинча, оқсили ҳам сарғайиб, қотиб-қисмларга бўлиниши мумкин. Резинасимон ва кимёвий ҳиди бўлади. Аммо уни зираворларни мўл қилиб солиб, тайёрлаб беришса, таъмини фарқлай олмай қолишингиз мумкин.

Сотиб олаётганингизда қутидаги тухумлар барчаси ҳажми ва кўриниши бир хилда бўлган-бўлмаганига эътибор қаратинг. Табиийси, сохтаси каби силлиқ ва бир текисда бўлмайди.

Манба: xabar.uz

Дўстларингизга улашинг: