Юртимизда сайёҳлик шифокори лавозими жорий қилиниши мумкин

Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар мамлакат ҳудудида юрган вақтида соғлиғи ёмонлашса, саломатлиги билан боғлиқ кўнгилсиз муаммога юзага келса, қўшимча харажатга тушишидан ҳимоя қилинмаган. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов фикр билдирган, дея хабар беради «Халқ сўзи».

— Биз сайёҳлик полициясини туздик. Жуда ажойиб иш ва хайрли иш бўлди. Аммо уларнинг ёнида албатта, сайёҳлик шифокори ҳам керак. Шунда бу яхлит бир фойдали тузилмага айланади, — дейди Жаҳонгир Саримсоқов.

Саримсоқовга кўра, мажбурий суғурта тизимига тўлиқ ўтгунга қадар Ўзбекистонга сайёҳлик мақсадида келадиган хорижликларга виза тақдим этиш чоғида мажбурий тиббий суғуртани ҳам қўшиш мумкин. Касал бўлиб қолганида уларнинг шифокорлар хизматидан фойдаланишига шароит яратилса, дорихоналарда сотилаётган дори-дармонлар рецептини инглизчасига ўгириб қўйилса, шубҳасиз, бу мамлакат имижи бўлади.

Якуний мақсад сайёҳларга кутилмаган ҳолатларда тушиб қолганида уларнинг ортиқча харажатга тушишидан суғурта қилишдир.

Виза нархи ичига қўйилган 4-5 долларни Соғлиқни сақлаш, Туризм қўмитаси ёки Молия вазирлигининг махсус жамғармасига ўтказиш мумкин. Бундай ёндашувлар орқали сайёҳларнинг истеъмол ҳуқуқи самарали, замонавий стандартларга мос ва хавфсиз шаклларда таъминланади.

Дўстларингизга улашинг: