Канада тиббиёти: Томоғи оғриган болага мороженое, тиббий суғуртанинг афзаллиги ва шифокор ҳузурига ойлаб навбат кутиш   

Блогер Фарҳод Файзуллаев ўзининг телеграм каналидаги саҳифасида Канада тиббиёти ҳақида таассуротлари билан ўртоқлашди:

Фото: gsiedu.com

“Аввало, тиббиёт тизими ҳақида қисқача. Агар сиз касал бўлиб қолсангиз:

Сал мазангиз бўлмаса ва нима қилишни билмай турган бўлсангиз, 811 рақамига телефон қилишингиз мумкин. У рақам 24 соат ишлайди ва нима қилиш кераклигини (масалан, кўп сув, парацетамол ичинг) айтади ёки қандай шифокорга учрашиш кераклигини маслаҳат беради.

Ўзингиз юра оладиган бўлсангиз, касалингиз жиддий бўлмаса, оилавий врачингизга ёки исталган клиникага борасиз. Олдиндан ёзилиб борсангиз, навбат кутмайсиз. Ёзилмасдан борсангиз, бирпас кутасиз. Бундай клиникаларнинг бари шахсий, аммо бир тийин ҳам тўламайсиз, тиббий суғурта қоплайди.

Жиддий касал бўлсангиз (масалан, иситмангиз 39) ёки тунда мазангиз бўлмаса, аммо ўзингиз юраолсангиз, «неотложка»га боришингиз керак. Бундай клиникалар давлатники бўлиб, 24 соат ишлайди. У ерда сизни қабул қилиб, текшириб, керакли дорилар ёзиб бериши ёки больницага ётқизиши мумкин.

Юролмайдиган бўлсангиз, 911га телефон қилиб, тез тиббий ёрдам чақирасиз. Улар ҳам сизни ўша «неотложка»га олиб боради. Йўл-йўлакай текшириб боришади. Қизиғи, «скорий» чақириш пуллик, 200 доллар. Пул тўлашга ҳисоб тузалиб кетганингиздан кейин почтангизга келади.

Умуман олганда, барча докторлар, тиш докторидан ташқари, мутлақо бепул. Учинчи фарзандим шу ерда туғилган. Роддом учун бир тийин ҳам сарфламаганман. Ҳамма керакли нарсалар туғруқхонада бор, ҳеч нарсага сизни югуртиришмайди.

Бир марта ўртанча ўғлимнинг томоғи оғриб, иссиғи чиққанида, докторга олиб борганмиз. Бола кўп йиғлайверган, шунда доктор унга музқаймоқ берганди. Томоғи оғриб турган болага-я! Яна бир марта ҳудди шундай ҳолатда 811га телефон қилсам, улар ҳам муздек нарса бер, иситмаси тушади деган. Кейин оилавий доктор билан гаплашиб, шу нарсани тушундимки, томоқ оғришини муздек нарсалар келтириб чиқармас экан. Яъни, совуқда мороженое ейиш ва касал бўлиб қолиш — шунчаки тасодиф, чунки томоқ оғриғини бактерия ё вируслар келтириб чиқаради, муздек музқаймоқ эмас.

Умуман олганда, бизда «иссиқ қил, бирпас терла» дейиладиган ҳолатларда бу ерда тескарисини қилишни буюришади: муздек нарса ич, юпқароқ кийин, деб.

Оддий иситма чиққанда бу ерда ҳеч ким антибиотик ёзиб бермайди, сув ва парацетамол ичинглар дейди, холос. Умуман, дори жуда камдан-кам ёзиб берилади. Парацетамол ва ибупрофендан ташқари барча дориларни, шу жумладан антибиотикларни фақат рецепт билан олиш мумкин. У сиз сизга аптекада кучли дори сотишмайди. Дорилар пуллик, уларни суғурта қопламайди.

Дорихоналар кўп эмас, барчаси тармоқли ва уларда доим шифокор ёзиб берган дори бўлади. Агар кам ишлатиладиган дори бўлса, буни у ҳам билади ва сизга дорихонага олдиндан қўнғироқ қилиб, буюртма бериб қўйишингизни маслаҳат беради.

Мутахассис шифокорлар, масалан, ЛОРга кўчадан кириб боролмайсиз. Аввал оилавий шифокорингизга борасиз, у сизни кўриб, агар чиндан ҳам ЛОРга кўринишингиз кераклигини аниқласа, кейин унинг ўзи сизни ЛОРга ёздириб қўяди. Ташхислар билан ҳам худди шундай. Ўзингиз бориб, ташхис топшира олмайсиз, «направление» керак.

Бундай тизимнинг минус томони — мутахассис шифокорларни кутиш керак. Масалан, мен ЛОР шифокорига май ойида ёзилганман, навбатим февралда келади. 9 ой кутарканман! Албатта, ахволингиз жиддий бўлса, кутиш шунчалик камаяди. Масалан, ёзда катта ўғлимнинг қўли синганида, операция қилиш керак дейишди ва эртаси куниёқ амалга оширишди”.

Дўстларингизга улашинг: