“Маънавий қашшоқ бўлманг!” ёки “Фарғона шифокори”ни барча тиббиёт ходимлари ўқийдими?

Доно халқимизда ҳикматлар бисёр. Тоғу-тошлар орасидан шарқираб оқатган сув пишиб етилгандай авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳар бир ҳикматда олам-олам мазмун мужассам. Буюкларимиз “Қаторда норинг бўлса, юкинг ерда қолмайди”, деб бежиз айтишмаган.

“Фарғона шифокори” газетаси вилоятдаги ягона саломатлик нашри, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигидаги тиббий-ижтимоий газетаси эканлигини англаб етган, билимли, маънавиятли, ташкилотчи мутахассислар раҳбарлик қилаётган даволаш-профилактика муассасаларида 2019 йилги газета обунасига жиддий эътибор билан ёндошилди.

Вилоятимизнинг Фарғона шаҳри, Бешариқ, Данғара, Учкўприк туманларида “Обуна-2019” мавсуми уюшқоқлик билан амалга оширилди. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари раҳбарларига таҳририят номидан чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз. Жорий йилда газета таҳририятини қўллаб-қувватлаган тиббиёт муассасалари фаолияти эса кенгроқ ёритиб борилиши режалаштирилган.

Шунингдек, айрим тиббиёт муассасаларида “Мажбурий обуна” деган иборага урғу бериб, 27 йилдан бери нашр этиб келинаётган “Фарғона шифокори” газетаси келажагига шубҳа билан қараганлар, оғир пайтда дўст бўлиб қўлини чўзиш ўрнига воқеалар ривожини четдан кузатиб турганлар топилди.

Шуниси ажабланарлики, бир неча йиллардан бери тиббиёт ходимларининг сирдоши ва кўмакдошига айланган газетага “Мажбурий обуна” бўламизми деб, ўзларининг маънавий қашшоқ эканликларини ошкор этганлар ҳам топилди. Ахир 2-3 минг нафар тиббиёт ходимлари меҳнат қилаётган даволаш-профилактика муассасаларида 10-20 дона обуна қилинганига нима дейсиз?

Одатда бундай ҳолларда газета қизиқарли эмас ёки барча янгиликларни интернетдан билиб оляпмиз, деган иддаолар ўртага ташланади. Агар газета зерикарли бўлганда, таҳририятга Самарқанд, Хоразм, Бухоро вилоятларидан мактублар келармиди? Ушбу вилоятлардаги муштарийларимиз газетанинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутаётганини билдирармиди?

Бу ёруғ дунёда мутлоқ ҳақиқат деб қараладиган қоида йўқ. Жамиятда ҳам, ҳаётда ҳам ҳар бир тушунча нисбий. Бу фикрни буюк олим Эйнштайн аллақачон исботлаб қўйган. ШУндай экан, босма нашрларнинг инқирози ҳақида аввалдан ҳукм чиқарган хулосаси нечоғли тўғри ёки нотўғри эканлигини вақт кўрсатади. Биз эса кўп сонли мухлисларимиз ишончига асосланиб, шуни айтамизки, “Фарғона шифокори” газетаси ўз овози, ўз сўзи ва ўз ғоясига содиқ яшаверади.

Имом ат Термизий “Инсон ҳеч бир нарсасини йўқотишдан қўрқмаслиги керак. Илло ниятни йўқотишдан эҳтиётланмоқ лозим” деб насиҳат қилган эди. Биз ҳам эзгу мақсадимизга содиқмиз ва яқин йилларда “Фарғона шифокори” газетаси ўн минглаб тиббиёт ходимлари кўмакчиси бўлишига ишонч билдирамиз.

Кези келганда, газетамизнинг барча обуначиларини, қийин дамларда бизга ҳайриҳоҳ билдирганларни яна бир бор янги-2019 йил билан чил дилдан муборакбод этами. Уларнинг оилаларига бахт-саодат, саломатлик, тинчлик-хотиржамлик тилаймиз.

Янги йилда янги саҳифалар, қизиқарли мақолалар, ранг-баранг материаллар чоп этишни режалаштирганмиз. “Фарғона шифокори” билан бирга бўлинг!

Фикр-мулоҳазаларингизни телеграм орқали юборинг: @shifokor_admin

 

Дўстларингизга улашинг: