Ўзбекистонда сунъий йўл билан фарзанд кўришга рухсат берилиши мумкин

2019 йил 7 январда юртимизда демографик ҳолатни яхшилашга қаратилган  «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасига тақдим этилди. Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари билан ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Бу ҳақда «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали хабар беради.

Фото: «Zitawest.com»

Лойиҳанинг асосий янгилиги бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлган аёллар ва эркаклар бепуштлигига барҳам бериш, шунингдек, Ўзбекистонда сунъий уруғлантириш (ЭКО) ва касалланган тухум ҳужайраларини олиб ташлаш орқали соғлом генофондни шакллантириш каби хорижий мамлакатларда болалар туғилишида кенг қўлланилаётган илғор инновацион ёндашувларни Ўзбекистон шароитида қўллашни кўзда тутмоқда.

Депутатлар ҳам ушбу лойиҳани маъқуллагани айтилмоқда. Қатор халқаро экспертлар таҳлилларига кўра, дунёда репродуктив ёшдаги жуфтликларнинг ўртача ҳисобда 10-15 фоизи бепуштликдан азият чекади. Ўзбекистонда ўтказилган турли тадқиқотлар натижасига биноан, оила қурган аёллар орасида бирламчи бепуштлик 4,9-5,3 фоизгача етади.

Ҳозирги вақтда қонун лойиҳаси унинг концептуал қоидаларини муҳокама қилиш мақсадида парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда қабул қилиш учун тайёрланмоқда. Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёни ҳамда муҳокамалар натижаларига кўра, қонун лойиҳаси муаллифлари унинг айрим қоидаларини чиқариб ташлашга қарор қилишган. Хусусан, масъул қўмита томонидан суррогат оналик, эмбрион донорлик сингари қўшимча репродуктив технологияларнинг замонавий турларини қонун лойиҳасида акс эттиришга ҳали эрталиги тўғрисида қарор қабул қилинган.

Дўстларингизга улашинг: