Табибларга нега ишонамиз? Шаҳрихонлик «Ҳасан домла» хусусида

Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади. Эътибор берганмисиз, табибларга одатда кимлар мурожаат қиладилар — асосан асаб касалликларига дучор бўлган, хасталиги оғир беморлар. Улар йирик шифохоналарда, замонавий ускуналарда текширилиб, етук мутахассислар кўригидан ўтган бўлсаларда, объектив сабабларга кўра дарддан халос бўлмаганлар. Шунда “фалон шаҳарда (қишлоқда), фалончи табиб (дуохон, қори домла) бор экан” дегувчиларнинг маслаҳати билан сўнгги нажот сифатида кўрсатилган манзилни Аллоҳга таваккал қилиб излаб борадилар.

Фото: videonews.guru

Тонг саҳарда, бомдод намозидан сўнг қабул бошланади. Қишнинг қоронғусида, тор йўлакда туриб, рўйхатга ёзиладилар. Кўзларда умидсизлик, қалбларда тахлика. Демоқчиманки, бундай руҳий холатдаги инсонларни ишонтириш, дилида умид учқунларини ёқиш қийин иш эмас. Ахир бемор касалликнинг барча босқичларидан ўтиб бўлган. Бу ёғига фақат чилёсин ўқиш қолган ҳисоби. Нажоткорнинг олдига сув, қанд-қурс кабилар билан кирилади. “Сеанс”дан сўнг дуодан “қувватланган” неъматлар шифобахш, дея баҳоланиб, истеъмол қилиниши лозим. Яна бир кузатиш. Табибларга мурожаат қилувчилар орасида олий маълумотли, дунёқараши кенг, илм-маърифатдан бохабарлар кам учрайди.
Айтилганлар ҳақиқатлигини Шаҳрихондан чиққан табиб Ҳасанжон Исмоилов мисолида ҳам кўриш мумкин.
Маълумоти ўрта, мактабдан сўнг бирон бир даргоҳда таҳсил олмаган, муқаддам “Хизбут-Таҳрир” диний оқими аъзоси бўлган, судланиб, амнистия шарофати билан озодликка чиққан. Бунга қадар савдо-сотиқ ва киракашлик билан шугулланган, Россияда маълум муддат мавсумий ишлаб келган. У ўзида биоток борлигини даъво қилади. Рецепти оддий — асал, хандон писта ва қора нўхот истеъмол қилишни тавсия этиб, Қуръондан “Ёсин” сурасини ўзи билганича (бузиб) ўқийди.
Шундай инсонга одам ўз саломатлигини ишониб бўладими? Ўзбекистон Табобат академияси аъзоси, “Малҳам” табобат маркази раҳбари, асалшунос Абдуқодир Сатторовнинг сўзларга кўра, шаҳрихонлик Ҳасан Исмоилов хонадонида сақланаётган 20 та пластмасса бочкадаги асал аслида шакар қиёмидан тайёрланган, шифобахш хусусиятларга умуман эга эмас. Шунингдек, 1 тоннача қурт босган хандон писта фуқароларга дорилик сифатида берилмоқда (сотилмоқда). Қолаверса, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ҳ.Исмоиловнинг фаолиятини ноқонуний, деб баҳолаб бўлди. У тиббий билимга эга эмас, Ўзбекистон халқ табобати академиясидан рухсатнома ва лицензия олмаган.
Бундан ташкари, жорий йилнинг 27 ноябрь куни Х.Исмоиловдан Шаҳрихон тумани давлат солиқ инспекцияси жами 19 млн сўм миқдорида даромад солиғи ундирган. Тегишли руҳсатнома ва лицензиясиз фаолият олиб бораётганлиги сабабли, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 165-моддаси билан баённома расмийлаштирилиб, тўпланган материаллар суд идораларига чиқарилган.

Манба: facebook.com/»Халқ билан мулоқот» гуруҳи

Дўстларингизга улашинг: