Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ботулизм касаллиги бўйича эслатма билан чиқди

Фото: mv.org.ua

Дастурхондаги озиқ-овқат маҳсулотларини кимдир уйида тайёрласа, кимдир деҳқон бозорларидан, савдо мажмуаларидан, яна кимдир белгиланмаган жойларда савдо қилаётган фуқаролардан сотиб олади.

Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази хабарига кўра, бу маҳсулотларнинг ҳаммасини ҳам хавфсизлиги кафолатланмаган, уларни сақлаш ва сотиш жараёнида санитария қоида ва меъёрларига риоя этилмаган бўлиши мумкин.

Айниқса, тез бузилувчи гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, кремли қандолат, салатлар, хамирли ва бошқа хавфсизлиги кафолатланмаган маҳсулотларни истеъмол қилиниши натижасида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари келиб чиқиши мумкин.

Хавфсизлиги ва сифати кафолатланмаган уй шароитида тайёрланган, ботулизм қўзғатувчилари билан зарарланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш овқатдан заҳарланишларнинг энг оғир тури – ботулизм касаллигини келиб чиқишига сабаб бўлади. Шунингдек, бошқа тез бузилувчи озиқ-овқатлар маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва сотиш жараёнида санитария қоида ва меъёрларига риоя этилмаслиги уларни касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар билан зарарланишига, истеъмол қилганда эса овқатдан заҳарланишларни келиб чиқишига сабаб бўлади.

Ботулизм ва бошқа бактериялардан заҳарланган одамда касаллик белгилари икки соат ўтиб, ёки саккиз-ўн кун давомида пайдо бўлади, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қорин соҳасида оғриқ, ичнинг тез-тез келиши, тана ҳароратини кўтарилиши кузатилади. Ботулизм касаллигида   нафас олиш қийинлашади, жисмлар кўзга иккита бўлиб кўриниши (диплопия), кўз қовоқларини осилиб қолиши  (птоз), ютишни  қийинлашиши ва гапириш қобилияти  пасайиши, бўйин ва оёқ мушаклари заифлашиши каби касалликнинг клиник белгилари намоён бўлади. Ушбу белгилар кузатилганда, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур, касалликни уй  шароитида ўз билганича даволаш қатъиян ман этилади.

Турли хил нохуш ҳолатлар ва кўнгилсизликларни олдини олиш мақсадида, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишда жуда ҳам эҳтиёткор бўлиш, белгиланмаган жойлардан номаълум шароитда тайёрланган, сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари бўлмаган, ташқи кўриниши шубҳали бўлган, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларини сотиб олмаслик, айниқса тез бузилувчи озиқ-овқат  маҳсулотларни сақлаш шароитларига  эътиборли бўлиш талаб этилади.

Хонадонда паст ҳароратда сақланиши талаб этилган маҳсулотларни совутгичларда сақлаш лозим. Пишган ва хом маҳсулотлар бир жойда сақланмайди, таомлар, салатларни эҳтиёжга қараб тайёрлаш, узоқ сақланиб қолган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмаслик керак.

Манба: kun.uz

Дўстларингизга улашинг: