Шуҳрат Ғаниев вилоят соғлиқни сақлашдаги муаммоларни санаб ўтди

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисининг иккинчи иш кунида сенаторлар Фарғона вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини тинглади.

Фото: хabar.uz

Ҳоким ўз нутқида Фарғона вилоятида ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатаётган кўплаб муаммо ва камчиликлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларининг самарали фаолият олиб бориши учун, хусусан, уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар етарли даражада кўрилмаган.

Вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги 315 та муассасанинг 212 таси мукаммал таъмирга муҳтож.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи бўлимларининг аксарияти мослаштирилган биноларда жойлашган.

Тиббиёт муассасаларининг 164 таси ёки 69 фоизи ичимлик суви ва газ билан узлуксиз таъминланмаган.

Вилоятдаги тиббиёт муассасаларида эса 243 нафар шифокор ва бошқа мутахассислар етишмайди.

Тизимдаги даволаш-профилактика муассасаларида ҳаёт учун энг муҳим ва керакли бўлган 23 турдаги 97 дона 912,5 миллиард сўмлик тиббий асбоб-ускуналарга эҳтиёж мавжуд.

Вилоят ҳокимлиги ва маҳаллий тадбиркорларнинг саъй-ҳаракати билан хусусий тиббий хизмат ривожлантирилмоқда. Бироқ,Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатмаси асосида давлат тиббиёт муассасаларидаги ўринлар («койкалар») сони асоссиз равишда қисқартирилмоқда.

Манба: daryo.uz

 

Дўстларингизга улашинг: