Баҳодир Аҳроров: “Шогирдларимнинг ўз касбига бўлган садоқатини кўриб қувонаман ва улар билан фахрланаман”

Бугунги кунда тез тиббий ёрдами хизмати фаолиятини янада ривожлантириш, бу борада шифо марказларини замонавий тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуналар, керакли дори-дармонлар, автомашиналар билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар бажариб келинмоқда. Шунингдек, тизимда меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларини малакасини ошириш, тажриба алмашишлари учун қатор имтиёз ва имкониятларнинг яратилаётгани аҳолига тез, ишончли сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги ишларни юқори босқичга кўтармоқда.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалида ҳам бу бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина шифо марказининг 1-жарроҳлик бўлимида ҳам беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилиб, уларнинг тез орада соғайиб ҳаётга қайтишларига ёрдам берилмоқда. Бўлимда айни пайтда 18 та шифокор врач, 20 та ҳамширалар фаолият кўрсатиб қорин бўшлиғидаги ўткир жарроҳлик операциялари амалга оширилмоқда. Ўт пуфак яллиғланиши, жигар, ошқозон, ичак касалликларини даволаш ишлари олиб бориляпти.

-Қорин бўшлиғи инсон тана аъзосининг энг муҳим бўғини саналади, унинг бузилиши беморга кўп азият етказади. Шунинг учун ҳам бу касалликларни даволашда шифокордан билим, ва зийраклик талаб этади, — дейди 1-жарроҳлик бўлими мудири Баҳодир Аҳроров. Бу жараёнда нафақат шифокорлар, барча ҳамширалар жиддий масъулият билан ёндашиб меҳнат қилмоқда. Бу бўйича шифохонамизда барча қулайликлар яратилган. Зарурий дори-дармонлар, тиббий жиҳозлар, айниқса, замонавий автомашиналар билан таъминланишимиз, беморларни шифо марказига ўз вақтида етказиб уларни даволашда катта ёрдам бермоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, бўлимизнинг ёш шифокорлари мураккаб жарроҳлик амалиётларини қўрқмасдан бажараётгани диққатга сазовордир. Ана шундай ёш, билимли, касбий кўникмани мукаммал ўзлаштирган шогирдларимизни ҳаттоки айрим хусусий клиникалардан катта маош ва мукофот пуллари ваъдаси билан ишга таклиф этаётганлар ҳам кўп. Бироқ шифокорларимиз ушбу ваъдаларга учмай, ўз ишига профессионал тарзда ёндошиб, астойдил меҳнат қилиб келишмоқда. Улардаги ўз касбига бўлган садоқатни кўриб қувонаман ва улар билан фахрланаман.

Қайд этилганидек,  шифо муассасасида ёш кадрлар малакасини, тажрибасини оширишга муҳим аҳамият қаратиб келинмоқда. Мазкур марказнинг тиббиёт ходимлари қатор кўрик-танловларда фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритаётганликларини эътироф этиш лозим. Жумладан 2018 йилда шифохонанинг 1-хирургия бўлими ҳамшираси Нафисахон Абророва Республика шошилинч ҳамшираси кўрик-танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни қўлга киритган эди. Маҳоратли ёш ҳамшира Тошкент шаҳрида мазкур танловнинг республика босқичида ҳам фаол иштирок этиб 14 та қатнашчи орасидан учинчи ўринга муносиб деб топилди ва унга диплом ҳамда қимматбаҳо совға тантанали тарзда топширилди.

-Ушбу танлов биз ёш тиббиёт ходимларини билимимизни, касбий маҳоратимизни янада оширишга пухта замин яратди. Шу билан бирга тажриба алмашишга, дўстлар орттиришга сабаб бўлди, — дейди Нафиса Абророва. Мазкур танловда 4 та шарт асосида беллашиш давомида барча иштирокчилар билими ҳакамлар олдида синовдан ўтказилди. Савол жавоб, эркин мавзу йўналишлари иштирокчилар учун янада қизиқарли ва ҳаяжонларга бой бўлди. Мени бу камтарона меҳнатларимни инобатга олиб ғолибликни туҳфа этишгани ўзи ишимга бўлган муҳаббатимни, куч ғайратимни янада ошишида, тўлиб тошиб меҳнат қилишимга туртки бўлди десам муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар, аҳоли саломатлигини сақлашдек масъулиятли, машаққатли ва шарафли касб эгаларининг меҳнати самарасини яққол намоён этаверади

Фотима Ўктамова

журналист

Янгиликларни Телеграм каналимизда кузатиб боринг: @fargonashifokori

Дўстларингизга улашинг