ОИВ инфекция ва ОИТСнинг бир-биридан фарқи нимада?

ОИВ-инфекцияси — инсон организмидаги вирус бўлиб, аммо касаллик аломатлари ҳали намоён бўлмаган даврдир. Бу даврда инсон вирус ташувчиси ҳисобланади.

ОИТС — касалликнинг сўнги босқичи. Бу даврда инсон организми ҳар қандай касалликка бардош бериш хусусиятини йўқотади.

-ОИВ-инфекцияси ва ОИТС қандай намоён бўлади?

-ОИВ-инфекциясида одам организмига тушган вирус таoсирига иммунитет тизими маoлум даражада жавоб қайтаради. Касаллик аломатлари деярли бўлмайди. Уни фақат лаборатория текширишлари кўрсатади.

Вирус билан организм ўртасидаги кураш узоқ давом этади ва вируснинг ғалабаси билан якунланади.

Шу вақтдан ОИТС даври бошланган ҳисобланади. Бу давр учун хос бўлган аломатлар йўқ. Зероки, бу даврда организмда дуч келган микроб касаллик қўзғатиши мумкин. Шунинг учун бу давр тузалиши қийин бўлган турли-туман касаллик аломатлари билан намоён бўлади.

-ОИВ инфекцияси даври қанча муддат давом этиши мумкин?

-Инфекция юққан дастлабки даврларда одам ўзини соғлом ҳис этиши мумкин. Бундай ҳолат ҳеч қандай аломотларсиз 3 ойдан 8-10 йилгача чўзилиши мумкин. Бу даврда одам соғломдек кўринса ҳам, ўзи билмаган ҳолда, касаллик вирусини бошқаларга юқтириш ҳавфи юқори.

Аммо, касаллик қандай кечишидан қатoий назар, доимо ОИВ инфекцияси даври ОИТС даврига албатта ўтади.

-Касаллик қайси йўллар билан юқади?

-Вирус инфекция юққан одамнинг қонида, эркакларнинг шаҳватида, аёлларнинг жинсий аoзолари ажратмаларида ва кўкрак сутида бўлади.

Шунинг учун вирус асосан 3 хил йўл билан юқади:

-Қон орқали (парентерал йул)

-Жинсий алоқа орқали

-Касаллик юқтирган онадан ҳомилага (вертикал) ўтиши мумкин

-Қон орқали (парентерал йўл)

-Гиёҳвандлар умумий фойдаланган ва зарарсизлантирилмаган шприц орқали

-Вирус билан зарарланган қон ва унинг таркибий қисмлари қуйилганда

-Зарасизлантирилмаган жарроҳлик, доялик, стоматологик ва бошқа тиббий асбоблар орқали тиббий муолажалар олганда;

-Шприцлар ва игналардан умумий фойдаланилганда;

-Етарлича зарарсизлантирилмаган маиший асбоб-ускуналар орқали;

Жинсий йўл

-Ҳимояланмаган (презервативсиз) жинсий алоқанинг вагинал, анал турларида, оғизда яра бўлган ҳолларда — оғиз орқали жинсий алоқада ҳам, вирус юқади.

-Бетартиб, пала партиш жинсий ҳаёт кечирувчилар ўртасида.

Касаллик юқтирган онадан ҳомилага -вертикал йўл

-ҳомиладорлик даврида (жароҳатланган йўлдош орқали);

-туғруқ жараёнида (она қони орқали);

-она сути орқали.

-Қайси ҳолларда ОИВ юқмайди?

-Қўл бериб кўришганда, қучоқлашганда;

-Йўталганда, акса урганда;

-Умумий телефондан фойдаланганда;

-Ҳашоротлар чаққанда;

-Бассейн, ҳаммом,  ҳожатхонадан умумий фойдаланилганда;

-Умумий идиш-товоқдан;

-Кийим кечак ва кўрпа — тўшак орқали.

-Таносил касалликлари борлиги ОИВ юқиш ҳавфини оширадими?

Одамда сўзак (гонорея), заҳм (сифилис), хламидиоз ва бошқа жинсий алоқа орқали юқадиган таносил касалликлари бўлса, бундай кишиларга ОИВ юқиш эҳтимоли соғлом одамларга нисбатан бир неча ҳисса юқори бўлади.

-ОИВ билан зарарланганда қандай белгилар намоён бўлади?

ОИВ билан зарарланган шахсда ташқи кўринишдан касаллиги сезилмайди , инсон ўзини соғлом хис этади,касаллик белгилари намоён бўлмайди.

Касалликнинг яширин даври 3-6 ойдан 10 йил ва ундан ҳам кўпроқ давом этиши мумкин.

-Тана ҳароратининг сабабсиз кўтарилиши (бир неча ҳафта давомида)

-Бир ойдан қўпроқ вақт мобайнида йўталиш

-Ҳеч қандай сабабсиз озиш

-Ичнинг кетиши ва уни хафталаб, ойлаб давом этиши

-Ўмров ости, қўлтиқ ости, чов соҳасидаги лимфа тугунларининг катталашуви

-ОИВ/ОИТСни даволаб бўладими?

Афсуски, ҳозирги кунда ОИВ/ОИТС олдини оладиган вакцина ишлаб чиқилмаган. Шунинг учун шахсий профилактиканинг аҳамияти катта.

Энг яхши олдини олиш йўли — одоб чегарасидан чиқмаслик!

Даволаш учун ҳозирги кунда мавжуд дорилар фақат касалликнинг ОИТС даврига ўтишини бироз орқага суради. Уларни узоқ вақт давомида мунтазам қабул қилиш лозим.

Пандемияни (ОИВ инфекциясини кенг тарқалишини) тўхтатишга имкон бермаётган омиллар

ОИВ инфекцияли шахслар умрининг охиригача вирусни юқтириш ҳавфини сақлаб қолиши;

Вирусни генетик ўзгарувчанлиги (мутация) туфайли дунё бўйича касалликни олдини олишга қодир, самарали вакцинациянинг (эмлама дорининг) йўқлиги;

Касаллик асосан хулқ-атвори носоғлом шахслар орасида тарқалишига мойиллиги ва улар билан самарали ишлаш имкони қийинлиги;

ОИВ инфекциясини тарқалишини бутунлай тўхтатиб қоладиган чора-тадбирларни дунё бўйича ишлаб чиқишнинг имкони бўлмаганлиги;

Касалликни чақирувчи вирусга самарали таъсир этувчи даволаш воситаларининг ҳозиргача топилмаганлиги.

 Абдулҳафиз ҲУСАНОВ,

Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази методик профилактик ва эпидемияга қарши ишларни ташкил этиш бўлими эпидемиологи.

Дўстларингизга улашинг: