Учкўприкда янги туғруқ мажмуаси ишга туширилди

Мазкур тиббиёт муассасаси биносини инвестиция дастурига киритилиб, қайта реконструкция қилиш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлашга 4 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида бу ерда хотин-қизлар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш учун барча шароитлар яратилди.

Бир юз беш ўринга мўлжалланган янги бўлимда ультратовуш текшируви, кольпоскопия, ЭКГ, таҳлилхона, кичик операция хоналари ташкил қилинган. Шунингдек, қабул бўлими, кўрик ва муолажа хоналари зарур мебель ва тиббий жиҳозлар билан таъминланган.

Туман перинатал марказида ҳомиладорлик даврида муайян хасталик билан оғриган, муддатидан аввал туғруқ хавфи бўлган оналар ва эрта туғилган чақалоқларни муносиб шароитда парваришлаш имконияти юзага келди.

Қурилиш ва реконструкция ишлари «САДА» хусусий корхонаси қурувчилари томонидан тез ва сифатли бажарилди. Атиги  8 ой давомида бунёдкорлар тиббий  бирлашманинг бу биносини энг гўзал масканларига айлантирди. Айниқса, мажмуанинг лантшафтига алоҳида эътибор берилгани диққатга сазовордир.

– Бинода зарур шароит йўқлиги боис, фаолиятимизда турли муаммолар юзага келарди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдумалик Юсупов. – Бўлимнинг ҳар томонлама қулай, замонавий бинода фаолиятини давом эттириши ишимизни тартибли, самарали ташкил этишга ёрдам беради. Энг муҳими, ҳомиладор аёлларнинг саломатлигини доимий назорат қилиш ва соғлом фарзандлар туғилишига хизмат қилади.  Бу маскан оналар ва болалар  ўлими, чақалоқлар ногирон ва нуқсон билан туғилишнинг олдини олишга хизмат қилади.