Қандли диабет ҳақида нималарни билиш керак?

Фото: fsh.uz

Қандли диабет- эндокрин касалликлар қаторига мансуб бўлиб, инсулин гормонининг тўлиқ ёки қисман етишмовчилиги натижасида  гипергликемия — қондаги глюкоза миқдорининг давомли ортиб бориши билан кечувчи, организмдаги моддалар алмашинув жараёнлари (углевод, ёғ, оқсил, минерал ва сув-туз алмашинуви)нинг бузилиши ва қайтмас органик патологиялар келтириб чиқарувчи сурункали касаллик сифатида тавсифланади.

Бундай патологик ҳолатнинг биринчи таърифлари касалликнинг энг кўзга кўринган клиник белгилари — пешоб орқали кўп суюқлик йўқотиш (полиурия) ва қондириб бўлмайдиган ташналик (полидипсия) билан берилган. Қадимда қандли диабет касаллиги танада суюқлик ушлаб қолиш хусусиятининг йўқолиши билан кечадиган патологик ҳолат сифатида кўрилган.

Ҳозирги кунда бутун дунёда бу касаллик билан 420 миллиондан зиёд инсонлар азоб чекмоқдалар. Фарғона вилоятида 2018 йил 9 ойлик ҳисоботлар якунига кўра 24 298 нафар қандли диабет касаллиги билан оғриган беморлар «Д» назоратида туради. Улардан 1854 нафари қандли диабет 1-тур, 22 444 нафари 2-тур қандли диабет билан оғриган.

Ҳозирги кунда бутун дунёда қандли диабет касаллиги билан 420 миллиондан ошиқроқ инсонлар азоб чекмоқдалар. Агар самарали чоралар кўрилмаса, 25 йилдан сўнг ҳар 6 — одам,  21 аср ўрталарида эса ҳар 2 — одам ушбу хасталикка чалинади. Улардан 201 нафари болалар, 163 нафари ўсмирларни ташкил қилади.

Қандли диабетнинг келиб чиқишига инсулин етишмовчилиги сабаб бўлишини кейинчалик бир неча олимлар ўз кашфиётларида очиб беришди. 1889 йили Жозеф фон Меринг ва Оскар Минковски меъда ости бези олиб ташланган итларда қандли диабет касаллиги белгилари пайдо бўлишини аниқладилар. 1910 йилда Эдвард Альберт Шарпей Шефер меъда ости безида жойлашган Лангерганс оролчалари ажратиб чиқарадиган кимёвий модда етишмовчилиги диабетни келтириб чиқаради деган тахминга борди. Бу моддани у инсулин ,лотинча «insula» — орол деб номлади. Меъда ости безининг эндокрин фаолияти ва инсулиннинг диабет ривожланишидаги ролини 1921 йилда Фредерик Бантинг ва Чарльз Герберт исботлади. Улар меъда ости бези олиб ташланиши натижасида диабет хасталиги ривожланган итларга соғлом итлар меъда ости бези — Лангерганс оролчалари экстрактини юбориш орқали касаллик белгиларини йўқотиш мумкинлигини кўрсатдилар. Бантинг ва Бест қорамол меъда ости безидан ажратиб олиб, тозаланган инсулинни биринчи бор 1922 йил беморларда синашди. Бу кашфиётлари учун олимлар 1923 йилда тиббиёт йўналишида Нобель мукофотига сазовор бўлишди. Шундан сўнг қандли диабетни инсулин билан даволаш жадал ривожланиб борди.

Қондаги инсулин миқдорини аниқлаш усуллари ишлаб чиқилгандан сўнг шу нарса маълум бўлдики, қандли диабет билан оғриган бир қатор беморларда қондаги инсулин миқдори камайиши эмас, балки ошиши кузатилган. 1936 йилда жаноб Гарольд Персиваль Химсворт томонидан чоп этилган мақолада биринчи бор 1- ва 2- тур диабет алоҳида касаллик деб эътироф этилди. Бу диабет тўғрисидаги фаразларни яна ўзгартириб, бутунлай инсулин етишмовчилиги билан кечадиган 1-тур ва нисбатан инсулин етишмовчилиги билан кечадиган 2-тур диабет касаллиги борлигини кўрсатди. Диабетологиянинг охирги йилларида сезиларли ривожланишига қарамасдан ҳозирги кунда ҳам касалликка ташхис қўйишда углеводлар алмашинуви кўрсаткичлари текширилади.

Вилоят аҳолисига эндокрин хизмати вилоят эндокринология диспансерида 120 ўринли стационар шифохона, 50 қатновга эга маслаҳат поликлиника, туман ва шаҳар кўп тармоқли поликлиникасида 56 та эндокринологик хоналари мутахасислари ва Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли  шифохона қошидаги 30 ўринли, Ўзбекистон ва Боғдод туманларида 20 ўринли туманлараро эндокринология бўлимлари томонидан кўрсатилмоқда.

2006 йилдан бошлаб,  14 ноябрь БМТ томонидан «Халқаро диабетга қарши кураш куни» сифатида нишонланмоқда. Фредерик Грант Бантинг ушбу санада туғилган. Инсон пайдо бўлибдики касалланган, даво излаган ва даволанган.Тиббиёт тарихи илдизлари қадимги тамаддунларга бориб тақалади. Қандли диабет касаллиги тарихини ўрганишни қадимги Миср давридан бошлаш керак бўлади. Сабаби Мисрда яратилган эрамиздан аввалги 1500 йилда ёзилган тиббий — «Эберс папируси» да биринчи бор диабет тилга олинади. У XIX асрда Фиван қабристонлари (ўликлар шаҳри)да топилган бўлиб, анъанага биноан таржима қилиб, таърифлаб берган олим номига аталган. Демак, мисрлик табиблар уч ярим минг йил аввал диабет белгиларини бошқа касалликлардан ажрата олишган. Ўтмишдаги Мисрда ўликларга сиғиниш учун мурдаларни чиримайдиган қилиб мўмиёлаш талаб қилинган, бу эса олимларга одамларнинг ички аъзоларини ўрганиш ва тушуниш учун яхши ёрдам берган.

Эрамизнинг 30-йилларида император Тиберия даврида яшаб ижод қилган Авел Корнелий Цельс ёзиб кетган тиббий рисолада пешобнинг кўп ишлаб чиқарилиши билан кечадиган касаллик ҳақида ёзилган. Бунинг сабабини у меъда-ичак тизимида овқатнинг нотўғри ҳазм бўлишида деб билади. Тан олиш керак, бу хақиқатга яқин.

Диабетнинг биринчи клиник тавсифини Рим олими Аретеус бериб, у биринчи бор тиббиётга «диабет» терминини олиб кирди. Биринчи тур қандли диабет билан оғирган беморлар тезда озиб, кўп суюқлик ичиб, кетма-кет пешоб ажратадилар. Бу худди суюқлик тана орқали шиддатли оқим бўлиб ўтиб кетаётгандек бўлади. Шу сабабли Аретеус касалликка «diabainо»- грекчадан «ичидан ўтаман» деб ном берди.

Маълумки, диабет жуда қадимги касаллик. У билан беморлар антик даврда ҳам, ўрта асрда ҳам касалланишган. Лекин энг аҳамиятлиси, ўша давр табиблари касаллик ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлганлар. Минг йилликлар давомида шифокорлар ушбу касаллик белгиларини билишган ва бемор ҳаётини узайтира олишган. Аретеус даврида ҳам табиблар диабетни мадорнинг қуриши ва ишта-ҳанинг пасайиб кетиши, оғиз қуриб, қондириб бўлмас чанқоқлик, тез ва кўп миқдорда пешоб ажралиши, унинг ширинроқ таъмга эга бўлиши ва беморнинг кучли озиб кетиши каби белгилардан ажратиб олишган. Баъзи одамларда — асосан ёшларда, бу белгилар тез, ҳатто бехосдан пайдо бўлиб, касаллик кучли намоён бўлган. Улар гўёки бу тузалмас дард-га маҳкум этилган бўлган. Ҳозирги замон тушунчаларига кўра бу беморлар биринчи тур қандли диабет билан оғриган бўлиб, улар сурункали ҳолатнинг оғирлашишидан эмас, балки диабетик комага тушиб, нобуд бўлганлар. Бошқа турдаги (2-тур) беморлар балоғат ёши, ҳатто, кексайган даврига яқин оғриганлар. Ўтмишдаги табиблар уларни оч қолдириш, жисмоний тарбия ва шифобахш ўсимликлардан тайёрланган доривор воситалар билан даволаганлар.

Замонавий тиббиётда даво воситаларини танлашда касалликнинг оғир-енгил кечиши, асоратлари бор-йўқлиги ҳисобга олинади. Чунончи, беморда ирсият сабабли ёшлик пайтида инсулин етишмаганида унинг ўрнини босиш мақсадида инсулин юборилади. Кексаларда ва кўпроқ тўла кишиларда инсулин нисбатан етишмаганда шифокор тавсиясига кўра парҳезга амал қилиш зарур. Қондаги қанд миқдорини камайтирувчи воситалардан фойдаланилади. Касаллик енгил кечганда кўпинча парҳез буюрилади. Углеводлар кам истеъмол қилинади, улар ўрнига гўшт, картошка, қора нон ва бошқа маҳсулотларни истеъмол қилса бўлади. Ёғли овқатлар миқдори камайтирилади. Касаллик зўрайиб кетганда беморга сариёғ ва бошқа ёғ маҳсулотлари берилмайди. Овқат калориясининг деярли 20 фоизи оқсиллардан иборат бўлиши керак. Хаста киши истеъмол қиладиган озиқ-ов-қат маҳсулотлари витаминлар, айниқса, С ва В гуруҳ витаминларига бой бўлиши лозим. Бемор овқатни бўлиб-бўлиб ейиши керак. Инсулин билан даволанишга ўтган беморлар учун таъсири 6-8 соатдан 30-36 соатгача узайтирилган инсулинлар ишлаб чиқарилади. Шифокорнинг қатъий назоратига амал қилган беморлар кун тартиби ва парҳезга доир тавсияларга аниқ риоя қилиши, лаборатория текширувига ўз вақтида келиб туришлари зарур.

Ҳар йили ноябрь ойида халқаро  қандли диабетга қарши курашиш ойлиги ўтказилади. Бу ойликни ўтказишдан мақсад — инсонларга қандли диабет ҳақида, унинг хавфли омиллари, эрта ташхис қўйиш ва асоратларининг олдини олиш ҳақида кўпроқ маълумот беришдир.       

Бу йилги ойлик «Қандли диабет ҳар бир оилага тааллуқли» шиори остида ташкил этилмоқда. Ойлик давомида аҳоли ўртасида қандли диабет касаллиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилади, жойларда тиббий кўриклар ўтказилади. Истироҳат боғлари ва аҳоли гавжум масканларда сайёр лабораториялар фаолияти йўлга қўйилиб, ортиқча вазн ва қондаги қанд миқдори аниқланади.

Д.Искандаров,

вилоят эндокринология диспансери эндокринологи.