Энг улуғ ва шарафли касб эгаларига эҳтиром

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда шифокорлар байрами сифатида кенг нишонланади.

Фото: fsh.uz

Мамлакатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини қондириш, фуқароларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшаши учун барча шарт-шароитни яратиш каби эзгу мақсад мужассам. Буни Президентимиз кечагина соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган селектор йиғилишида яна бир бор қайд этди.

Давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим топшириғи ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш билан боғлиқ. Ушбу мақсадда Республика ихтисослаштирилган марказларнинг вилоятларда филиалалари ташкил этилмоқда. Шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ҳудудларда етарли даражада бўлишини таъминлаш мақсадида вилоятларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислар танлаб олинди. Улар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва даволаш муассасаларига ишлаш учун юборилди. Чет эл клиникаларида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ ўзбекистонлик мутахассис юртимизга қайтиб, халқимиз хизматига бел боғлади. Ҳозирда улар ўз ихтисослигидаги даволаш-профилактика марказларида фаолият юритмоқда.

Жамиятимиздаги тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида эл саломатлигини асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган шарафли ва масъулиятли касб соҳибларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмокда. Шу муносабат билан, жорий йилги байрам тантаналарида ўзининг фидокорона меҳнати билан эл ҳурматига сазовор бўлган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари, хусусан, Ўзбекистон Қахрамонлари, академиклар, Давлат мукофоти лауреатлари, ҳурматли фахрийлар ҳамда тиббиёт ривожига бевосита ҳисса қўшиб келаётган ҳамкор вазирликларнинг раҳбар ходимлари ҳам қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Ҳеч иккиланмай айта оламизки, тиббиёт соҳаси, айниқса, бугун ўзининг юксак мақомига эришмоқда. Ҳар йили мамлакатимизда тиббиёт ходимлари куни сифатида кенг нишонланаётгани ҳам ана шу эътибор намунасидир. Ўз навбатида соҳа вакиллари ҳам ушбу эҳтиромга жавобан изланиш, тажриба ва маҳорат орттиришда замон билан ҳамнафас бўлишга интилаётир.

Байрамингиз муборак бўлсин!

Дўстларингизга улашинг: